Ҳукумат қарори билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизимига ўзгартиришлар киритилди, деб хабар бермоқда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
Шундай қилиб, 2026 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғурта суммаси ҳозирги 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмгача оширилади.
"Бу ЙТҲ натижасида жабрланган шахсларнинг мол-мулки, ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга йўналтириладиган маблағларнинг замон талабларига мос бўлишига хизмат қилади," - дейилади хабарда.
Актуар ҳисоб-китоблар асосида (актуарлар суғурта маҳсулотлари бўйича тарифларни, захира талабларини, суғурта ҳодисаларининг юз бериш эҳтимолини ҳисоблайди) суғурта тарифлари қайта кўриб чиқилди, суғурта суммаси ва суғурта мукофотлари бозор тамойилларига мувофиқ белгиланди.
Шунингдек, ҳайдовчилар сонига қараб чекланган ва чекланмаган миқдорда полис расмийлаштириш механизми белгиланди. Бунда айбдор деб топилган суғурта қилдирувчининг суғурта даъволари ва бошқа низоларини суғурталовчи томонидан кўриб чиқиш тартиби аниқлаштирилди.
Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармасига транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича юридик маслаҳатлар бериш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабардор қилиш билан боғлиқ аджастерлик хизматлари кўрсатиш вазифаси юклатилган.
Мажбурий суғурта бўйича мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш учун масъул органлар ва Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимини юритиш тартиби аниқлаштирилди. Мажбурий суғурта бўйича манфаатдор давлат идоралари билан электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш топширилди.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ягона суғурта биллинг тизими жорий этилади, у полисларни расмийлаштиришда суғурта мукофотлари тушумларининг марказлаштирилган ҳисобини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни расмийлаштирмаган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш механизмларини такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритиш топширилди.
Изоҳ