Ўтказилган тезкор тадбир давомида Оҳангарон туман "Галла-қудуқ" МФЙ ҳудудида жойлашган қаровсиз дала шийпони бино иншоотларида 23 бош тирик ва 15 бош сўйилган ҳолдаги эшак гўшти топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Ш.Ш. Оҳангарон тумани ҳудудидаги дала шийпонида эшак гўшти маҳсулотларини олиб кетаётган вақтида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳри ҳудудида шаҳар ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб қолинган.
Тадбир давомида, фуқаро Ш.Ш. ушбу эшак гўшти маҳсулотларини Тошкент шаҳар Қўйлик-4 даҳасида истиқомат қилувчи А.А. исмли шахсга бир килограмм учун 20 минг сўмдан, жами 200 килограммни 4.000.000 сўмга сотишга келишганлигини айтган. Фуқаро ўз ихтиёри билан тезкор тадбирда иштирок этишини маълум қилиб, айбига иқрорлик билдирган.
Натижада тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро А.А. фуқаро Ш.Ш.дан жами 193 кг эшак гўштини килограммини 20 минг сўмдан жами 3.860.000 сўмга сотиб олган вақтида ушланган.
Шунингдек, тадбир давомида, А.А. ва унинг отаси Ғ.Ғ.нинг яшаш хонадонида жами 60 кг номаълум ҳайвон гўшти маҳсулоти мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Бундан ташқари, ушбу фуқаролар мазкур гўшт маҳсулотларини ўзлари томонидан фаолияти йўлга қўйилган Паркент туманида жойлашган "сомсахона"да сомса тайёрлаш ва истеъмолчиларга сотиш мақсадида ишлатиши аниқланган.
Ушбу "сомсахона"да 20 кг номаълум ҳайвон гўшти маҳсулоти ва тайёр маринадланган ҳолдаги 5,5 кг гўшт маҳсулоти борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Туман Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази "салмонеллёз ва ичак таёқчалари ифлосланиш даражаси ўта юқори"лиги туфайли ушбу гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги ҳақида хулоса берган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Оҳангарон тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, А.А. ва Ғ.Ғ. ЖКнинг 186-моддаси 2-қисми "б,в" бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ