Uz

Учта даркстордан ўнтагача: Yandex Lavka хизмати ортида кимлар турибди

Ноябрь ойида Yandex Lavka Тошкентдаги фаолиятининг икки йиллигини нишонламоқда. Ушбу вақт давомида дарксторлар сони учтадан ўнтага етди, ўз савдо белгиси остидаги маҳсулотлар ва новвойхона пайдо бўлди. Ҳар бир ўзгариш ортида жамоа турибди: ходимлар харидорларга иловада тақдим этиладиган маҳсулотларни танлайди, янги маҳсулотларни олдиндан татиб кўради ва қаҳва харидорга иссиқ ҳолда етиб бориши учун уни қачон тайёрлаш кераклигини ўйлаб чиқади. Биз жамоанинг беш нафар ходими билан танишиб, уларнинг иш жараёни қандай ташкил этилганини ўргандик.

Кеча, 20:19

Нолдан бошлаш

«Lavka — бу, энг аввало, ҳаммасини нолдан барпо этган жамоа. Ўн минглаб оилалар хизматимиздан фойдаланмоқда», – дейди Yandex Lavka хизматининг раҳбари Игорь Рожнов.

2024 йилнинг ноябрь ойида жамоа Тошкентда учта даркстор — онлайн-буюртмалар йиғиладиган дўкон-омборни очди. Биринчи ҳафтада буюртмалар кам бўлиб, ходимлар ҳар бир буюртмани таҳлил қилишган: тижорат бўлими қайси маҳсулотлар етишмаганини, маркетинг бўлими харидорлар қаердан келганини, қўллаб-қувватлаш хизмати эса мижозларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди.

«Тайёр ечимлар йўқ эди: маҳсулотлар ассортиментини шакллантириш, етказиб берувчиларни танлаш, омборлардаги иш жараёнларини ташкил этиш — буларнинг барчасини Ўзбекистон бозорининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил амалга оширдик», – дея эслайди Игорь.

Георгий Намазов / UzNews

Тармоқ аста-секин кенгайиб борди. 2025 йилнинг февраль ойида яна иккита, апрель ойида яна иккита даркстор очилди, май ойига келиб эса уларнинг сони ўнтага етди. Шу билан бирга, етказиб бериш ҳудудлари ҳам кенгайиб, хизмат Тошкентнинг бошқа туманлари аҳолиси учун ҳам мавжуд бўлди.

Игорнинг сўзларига кўра, дастлабки олти ой тармоқни шакллантиришга сарфланди. Шундан сўнг жамоа асосий эътиборини хизматдан ҳар куни қулай фойдаланиш имкониятини яратишга қаратди. Ҳатто маҳсулотларнинг жавонларда жойлашувини ҳам қайта кўриб чиқишга тўғри келди: ходимнинг буюртмани йиғишга қанча вақт сарфлаши айнан шунга боғлиқ.

Уй учун керакли маҳсулотларни танлаш

Георгий Намазов / UzNews

Дастлаб харидорлар кўпинча сув, снеклар ёки дўкондан сотиб олишни унутган маҳсулотларига буюртма беришарди. Ҳозир эса улар тўлиқ озиқ-овқат саватини шакллантиришни афзал кўришмоқда. Гўшт, сут маҳсулотлари, нон, сабзавот ва меваларга талаб тез ўсмоқда.

Тижорат директори Нигора Сирожиддинова Yandex Lavka хизматини «музлаткичнинг тезкор муқобили» деб атади. У бу ибора орқали оддий ҳаётий вазиятни назарда тутади: инсон ишдан уйга қайтади ва кечки вақтини маҳсулот харид қилишга сарфламасдан овқатланишни истайди.

Ёки бошқа бир вазият: кир ювишга қарор қилдингиз, аммо кир ювиш кукуни тугаб қолган. Бундай пайтда таниш маҳсулотни мақбул нархда тезда топиш муҳим. Шунинг учун жамоа ҳар бир тоифада талаб юқори бўлган брендлар ва турли нарх тоифаларидаги маҳсулотлар бўлишини назорат қилади. Маҳсулотларни танлашда талаб, сотув кўрсаткичлари ва такрорий харидлар ҳисобга олинади.

Нигора тижорат жамоаси билан биргаликда бошидан ўз савдо белгиси остидаги маҳсулотлар ассортиментини ривожлантиришни режалаштирган. Илк маҳсулотлар қаторида беш хил таъмдаги музқаймоқ тақдим этилди. Ҳозирда уларнинг сони 10 тага етган. Ўз савдо белгиси остидаги маҳсулотларнинг сотувга чиқарилиши биринчи ойнинг ўзидаёқ музқаймоқ тоифасида қўшимча 10 фоизли ўсишни таъминлади. Кейинчалик ассортимент қуритилган мевалар, зираворлар ва десертлар билан тўлдирилди.

«Биз ишлаб чиқарувчилар билан биргаликда янги маҳсулотлар яратамиз», – дея тушунтирди Нигора.

Шундай янги маҳсулотлардан бири — японча моти десертлари. Биринчи ойнинг ўзидаёқ харидорлар 11 000 дан ортиқ десертга буюртма беришди. Шу билан бирга, одатий маҳсулотлар — сув, начинкасиз қуймоқ, нон ва багетлар ҳам энг кўп харид қилинадиган маҳсулотлар қаторидан жой олган. Ёзда эса булар қаторига тўғралган тарвуз ҳам қўшилади — ювиш ва кесишга вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ.

Севимли таомдан иссиқ қаҳвагача

Георгий Намазов / UzNews

Жамоа фаолиятининг алоҳида йўналишларидан бири — тайёр таомлар. Ушбу йўналиш ишга туширилганидан буён сотув ҳажми 10 баравардан зиёд ошди. Бугунги кунда Yandex Lavka хизмати бир нечта ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорлик қилиб, улар билан биргаликда 150 дан ортиқ турдаги маҳсулотни сотувга чиқарди.

Тайёр таомлар, иссиқ ичимликлар ва новвойхона учун маҳсулот тоифалари бўйича менежер Наиля Муҳамеджанова масъул. У гастрономик тенденцияларни ўрганади, ғоялар тўплайди, ишлаб чиқарувчиларни излайди ва маҳсулот намуналарини синовдан ўтказади.

Баъзан янги маҳсулот яратишга шахсий дид туртки бўлади. Наилянинг севимли таоми — сабзавотли форель балиғи билан ҳам шундай бўлган. У мазкур таомни яратишда ўзига етишмаётган маҳсулотни, яъни таъми ва нархи жиҳатидан мақбул бўлган тайёр балиқ таомини назарда тутган.

Игорнинг ҳам севимли таоми бор — хот-доглар. У ўзи ҳам уларга мунтазам буюртма беришини айтди.

Аввал татиб кўриш

Георгий Намазов / UzNews

Янги таом иловага киритилишидан аввал ҳамкасблар уни татиб кўришади. Дегустацияга турли бўлим ходимлари жалб этилади. Уларнинг фикр-мулоҳазалари маҳсулот қандай чиққанини ва нималарни ўзгартириш кераклигини аниқлашга ёрдам беради.

«Ширинликларни фақат дегустация пайтида ейман. Дегустациялар эса менда жуда кўп бўлади», – дейди Наиля.

Баъзан ходимларнинг фикр-мулоҳазалари маҳсулотни сотувга чиқариш бўйича қарорни ўзгартиради. Бир сафар янги етказиб берувчининг пончикларининг таъми ҳамкасбларга ёққан, аммо дегустациядан сўнг маҳсулот бўйича саволлар пайдо бўлган. Натижада уни сотувга чиқаришдан воз кечилган. Кейинги босқич — ишлаб чиқариш аудити. Агар сифат назорати жамоаси камчиликларни аниқласа, етказиб берувчи ҳамкорликни бошлашдан аввал уларни бартараф этиши керак.

Маҳсулот сотувга чиқарилганидан кейин ҳам текширувлар давом этади: жамоа мунтазам равишда дегустациялар ва етказиб берувчиларда режали аудитлар ўтказади, ассортиментдаги маҳсулотларга мустақил равишда буюртма бериб, уларнинг таъми ва сифати сақланганини текширади.

2025 йилда хизматнинг ўз новвойхонаси ҳам очилди. Ҳозир бу ерда ўндан ортиқ турдаги нон ва бошқа пишириқлар тайёрланади. Эрталаб соат еттида янги пиширилган нон барча ўнта дарксторга жўнатилади.

Тайёрлаш ва қадоқлаш

Георгий Намазов / UzNews

Ошхона модуллари фаолияти учун ҳудудий менежер Альберт Мухамедшин жавоб беради. Булар дарксторлар ичидаги алоҳида ҳудудлар бўлиб, у ерда иссиқ таомлар ва ичимликлар — бургерлар, хот-доглар, фри картошкаси, сендвичлар ва қаҳва тайёрланади.

Ошхонада ҳар бир масаллиқнинг ўз жойи, ҳар бир таомнинг эса тайёрланиш тартиби ва вақти бор. Рецептлар экранда акс эттирилади: уларнинг сони 200 дан ортиқ, шунинг учун ходимлар учун йўриқноманинг кўз олдида бўлиши муҳим.

Иш жараёнининг кетма-кетлиги қаҳва буюртмаси мисолида яққол кўринади. Агар харидор бешта сендвич ва бешта ичимлик танлаган бўлса, қаҳва энг охирида тайёрланади. Аввал буюртманинг қолган қисми йиғилади ва қадоқланади, сўнг ичимликлар курьерга йўлга чиқишидан олдин топширилади.

Георгий Намазов / UzNews

Йўлда ичимлик тўкилмаслиги учун стакан герметик қопқоқ билан ёпилади, оддий қопқоқ эса ёнига қўйилади — харидор уни ўзи алмаштириши мумкин.

«Бу кичик бир жиҳат, аммо буюртма ҳақидаги таассурот айнан шундай майда деталлардан шаклланади», – дейди Наиля.

Илова учун таомларни суратга олишда ҳам худди шундай эътибор талаб этилади. Жамоа таомларнинг ҳақиқий порцияларини суратга олади ва тасвир харидорга етказиб бериладиган таомга мос келишини назорат қилади.

«Агар шўрва устига кўкат сепилмаса, суратда ҳам кўкат бўлмаслиги керак», – дея тушунтирди Наиля.

Қадоқ ҳам етказиб бериш жараёнини ҳисобга олган ҳолда танланади: таом ўз шаклини сақлаши ва харидорга буюртма бериш вақтида кўринган ҳолатда етиб бориши керак.

Буюртманинг эшиккача бўлган йўлини пухта ўйлаб чиқиш

Георгий Намазов / UzNews

«Буюртма бериш» тугмаси босилгандан сўнг маълумот энг яқин дарксторга келиб тушади. Маҳсулотлар буюртмани йиғувчи ходимнинг ҳаракат йўналишига мувофиқ жойлаштирилган, унинг иловасидаги рўйхат эса жавонлардаги маҳсулотлар тартибига мос келади.

Курьерлар буюртмаларни даркстор ичида кутишади, шунинг учун тайёр буюртма дарҳол уларнинг қўлига топширилади. Буюртмани йиғиш ўртача икки-уч дақиқа вақт олади. Қадоқлаш, курьерга топшириш ва йўл учун яна бир неча дақиқа сарфланади. Буюртмани етказиб бериш вақти ўртача 15 дақиқадан бошланади.

Георгий Намазов / UzNews

Барча дарксторларнинг кундалик фаолияти учун омборлар гуруҳи раҳбари Асқарбек Атабаев масъул. Унинг тонги телефондан бошланади: тун қандай ўтгани, ким сменага чиққани ва қаерга эътибор қаратиш кераклигини билиш зарур. Ходимлар ҳар куни маҳсулотлар қолдиғи, яроқлилик муддати ва сақлаш ҳароратини текширишади.

Баъзан омбордаги оддий кузатув бутун тармоқ фаолиятидаги ўзгаришларга сабаб бўлади. Масалан, хизмат ходимлари бир хил маҳсулот дарксторлардан бирида тез тугаб қолиши, бошқасида эса жавонларда қолиб кетишини пайқашди. Улар бу ҳақида дастурчиларга хабар беришди ва натижада омборлар ўртасида маҳсулотларни тақсимлашнинг янги тизими яратилди.

Георгий Намазов / UzNews

Харидор учун бу ишларнинг барчаси одатий буюртмада ўз аксини топади: кечки овқат учун маҳсулотлар, нонушта учун янги пиширилган нон ёки севимли қаҳва. Икки йил ичида Yandex Lavka хизмати минглаб оилаларнинг кундалик ҳаётининг бир қисмига айланди. Ҳар бир буюртма ортида янги таомларни татиб кўрадиган, харидорларнинг фикрларига қулоқ соладиган ва етказиб бериш жараёнининг ҳар бир жиҳатини пухта ўйлаб чиқадиган инсонлар туради. Айнан уларнинг ҳар куни қабул қиладиган қарорлари харидорларни иловага қайтишга ундайди, чунки хизмат уларга айнан ўзлари учун керакли маҳсулотларни уйдан чиқмасдан олиш имконини беради.

Кеча, 20:19
79
0

Изоҳ

Бошқа мақолалар

Яна кўриш