Излаш
RUUZ

Жамият

ИИО ходимларини тасвирга олмаслик, бу президент сиёсатига зид — Дониёр Ғаниев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ИИВ томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига қарши чиқди.

225views0replies
0

ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз интернетга жойлаштирмаслик белгиланаётгани ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида хабар берган эдик.
Бугун, 28 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
ИИВ томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасига кўра, ИИО ходимларини фуқаролар фото ва видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатиши маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида норма киритилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ушбу қонун лойиҳасига қарши чиқиб, бу давлат раҳбарининг очиқлик сиёсатига зид эканлигини маълум қилди.
"МЖтКнинг 195-моддасига янги прим моддаси сифатида киритилаяпти. Яъни бундан буён ҳуқуқ-тартибот органларини хизмат вазифаси давомида олинган фото ва видеотасвирни интернетда обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида тарқатиш МЖтКда ҳаттоки 15 суткагача қамоқ жазоси этиб белгиланяпти.
Ўйлайманки бу президентимиз олиб бораётган очиқлик, шаффофлик, халқ давлат идораларига эмас давлат халққа хизмат қилиши керак, жамоатчилик назорати бўлиши керак деган эзгу сиёсатга зид, деб ҳисоблайман. Қолаверса, бу ИИО тўғрисидаги давлат ҳокимияти бошқаруви органи очиқлик тўғрисидаги қонунларимизга ҳам тўғридан-тўғри зид. Конституциямизда ҳам ахборот эркинлиги бор. Мана шу нарсаларни инобатга олиш керак", — деди депутат Дониёр Ғаниев.
225views0replies
0

Изоҳлар