Ўзбекистонда тезликни соатига 10 кмга камайтириш орқали 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин дея, прогноз қилди Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари.
Қайд этилишича, бу тадқиқотни ўтказиш учун 140 та мамлакатга оид маълумотлар тўпланган. Белгиланган тезлик чегарасининг ўртача тезликка таъсирини баҳолаш учун ўртача тезлик кўрсаткичи боғлиқ ўзгарувчи сифатида ўрганилган. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим даражаси (ҳар 100 минг кишига), йўл инфратузилмаси сифати, шаҳар ва қишлоқлардаги тезлик чегараси, қонун устуворлиги рейтинги каби параметрлардан ҳам фойдаланилган.
Таъкидланишича, дунё бўйича шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 кмга камайтириш ўлим даражасини йилига
0,8 кишига (ҳар 100 000 кишига) камайтиришда ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш деганидир.
Энг юқори тезлик ўртача ҳаракат тезлигига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Ҳаракат тезлиги ва саёҳат вақтига асосий таъсир этувчи омил йўл инфратузилмасининг сифати ҳисобланади.
Қонун устуворлиги (Rule of law) рейтингининг 1 баллга ортиши ҳар йили йўлларда ўлим даражасини 3,3 кишига (ҳар 100 000 кишига) қисқартириши мумкин.
Юқоридаги натижаларнинг исботи сифатида дунё мамлакатларини Rule of law кўрсаткичига қараб 3 та тенг гуруҳга ажратдик ва юқори ва паст кўрсаткичли гуруҳлар учун алоҳида моделлар ишлаб чиқилган.
Натижалар шуни кўрсатадики, қонун устуворлиги паст бўлган биринчи гуруҳ мамлакатларида (Rule of law қиймати <0,46) тезлик ўлим даражасини пасайтиришга сезиларли таъсир қилмайди, қоидаларга юқори даражада риоя қиладиган мамлакатларда (Rule of law қиймати >0,55), тезликнинг пасайиши ўлим даражасини сезиларли камайтиради (соатига 10 км учун 1,3 киши).
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг RoL индекси 0,49 баллни ташкил этади: бу Ўзбекистон қоидалар мунтазам бузилганлиги сабабли тезликни пасайтириш кутилган натижани бермайдиган мамлакатларнинг биринчи гуруҳига киритилмаганлигини билдиради.