Ижтимоий тармоқларда Чилонзордаги мактаб рўпарасидаги деворда Эйнштейн тасвирланган граффит Чилонзор тумани ҳокими топшириғига кўра ўчириб ташланди, сарлавҳаси остида тарқалган хабар тарқалди. Ушбу ҳолатга туман ҳокимияти расмий муносабат билдирди.
Расмий муносабатда ёзилишича, ўтган йили ёз ойларида чизилган граффитда вақтлар ўтиши билан Эйнштейннинг сурати ва атрофидаги формулалар орасига номаълум шахслар томонидан ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган айрим сўзлар ва расмлар чизиб кетилгани, айрим жойларида эса гиёҳвандлик моддаларини сотиш билан шуғулланадиган сайтларнинг манзиллари ҳам ёзиб кетилаётганлиги аҳолининг эътирозларига сабаб бўлгани учун сурат шу ерда жойлашган маҳалла раиси ва "Ҳамкор коммунал сервис" ширкати томонидан ўчириб ташлашга қарор қилинган.
"Ширкатга қарашли бўлган ҳудуддаги аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган жойни бўяб қўйиш учун туман ҳокимининг рухсати ва топшириғи талаб этилмайди. Шу боис, бу граффит чизилган деворни бўяш хусусида туман ҳокими томонидан ҳеч қандай топшириқ ва буйруқ берилмаган. Бундай ишларни МФЙ раиси ва ширкат раҳбари ҳам аҳоли билан келишган ҳолда ҳал этиши мумкин", - дея маълум қилди Чилонзор туман Ахборот хизмати.