Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Паркент туманида 9 ойлик чақалоқ вафоти юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, 2025 йил 26 июль куни, соат 17:45 да Паркент туман Тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига туманда яшовчи фуқаро Б.М. томонидан 2024 йил 21 октябрда туғилган қиз фарзанди Р.С. юқори ҳарорат ва безовталик аломатлари билан олиб келинган.
Бола инфекционист шифокор томонидан кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар тайинланган.
Онасининг сўзларига кўра, дорихонага бориш вақтида бола қайд қилиб, оғиз ва бурнидан қусуқ чиққан. Шундан сўнг у яна шифокор кўригига олиб келинган ва қўшимча муолажа белгиланган.
Беморга кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ҳолати оғирлашган ва соат 20:50 да реанимация бўлимига ўтказилган. У ерда реаниматолог томонидан "ўткир респиратор инфекция, икки томонлама пневмония, гипертермия, мия шиши ва нейротоксикоз" каби ташхислар қўйилган.
Барча стандарт шошилинч тиббий чоралар кўрилган бўлса-да, 27 июль куни соат 04:10 да биологик ўлим ҳолати қайд этилган.
"Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади", — дейилади хабарда.
Изоҳ