Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Tashkent City ҳудудида ҳайвонларни сақлаш ва сайр қилдириш қоидаларини белгиловчи низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйганди. Унда аҳолига қўшнилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилот розилиги билан бир турдаги биттадан ортиқ уй ҳайвонини сақлашга йўл қўймаслик, жониворларни мажбурий рўйхатдан ўтказиш, уларни сайр қилдириш талабларини белгилаш, шунингдек, умумий фойдаланиш жойларида дайди ҳайвонларни боқишни тўлиқ тақиқлаш таклиф этилган эди.
Мазкур таклифлар фуқаролар норозилигига сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.
Шундан сўнг вазирлик расмий муносабат билдириб, ҳужжатнинг асосий мақсади ҳайвонларни боқишни тақиқлаш эмас, балки шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари учун хавфсиз, тоза ҳамда қулай муҳит яратиш эканини таъкидлади.
Вазирликка кўра, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш муҳим инсоний фазилат ҳисобланади. Бироқ бу жараён масъулият билан ва муайян қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак.
Шунингдек, вазирлик жаҳон тажрибасига ҳам мурожаат қилди. Хусусан, Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида дайди мушуклар сонини тартибга солиш, уларни стерилизация қилиш ва айрим боғларда боқиш учун махсус жойлар ташкил этиш амалиёти мавжудлиги қайд этилди.
Бутунжаҳон ҳайвонлар саломатлиги ташкилоти эса дайди итлар билан боғлиқ муаммоларни эмлаш, стерилизация қилиш, бошпаналар билан таъминлаш ва масъулиятли парвариш орқали тизимли ҳал этишни тавсия қилади.
Вазирлик фикрича, инсонлар хавфсизлиги ва ҳайвонлар фаровонлигини бирдек таъминлаш, шунингдек, болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари ва дам олиш масканларида санитария талабларига риоя қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Вазирликнинг маълум қилишича, жамоатчилик фикри инобатга олиниб, дайди ҳайвонларни боқишни чеклашни назарда тутувчи банд низом лойиҳасидан чиқарилиши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мутахассислар ва жамоатчилик иштирокида ҳайвонларни парваришлаш, махсус жойларда боқиш ҳамда санитария талабларига риоя этиш бўйича инсонпарвар ечимларни ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Вазирлик низом лойиҳаси ҳали якуний қарор эмаслигини, жамоатчилик муҳокамасидан кўзланган мақсад ҳам келиб тушган фикр ва таклифлар асосида ҳужжатни такомиллаштириш эканини билдирди.
Изоҳ