Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси Экополиция тезкор гуруҳи ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида рейд тадбири ўтказилди.
Унда Наманган шаҳридаги «Янги аср» маҳалласида яшовчи К.Б. исмли фуқаро лочинлар оиласига мансуб итолғи қушини сотаётган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, унинг яшаш хонадонида яна бир ёввойи қуш — қарчиғай ҳам сақланаётгани аниқланди.
Маълум қилинишича, итолғи ва қарчиғай Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Рейд давомида қушлар Тўрақўрғон туманидаги махсус питомникка топширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорига асосан, ҳуқуқбузарлар томонидан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар 1,3 млрд сўмдан ортиқ деб ҳисобланган.
Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш учун прокуратура органларига юборилди.
Изоҳ