25 ноябрь куни Тошкентда Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов Голливуднинг таниқли кинопродюсери Ларри Касанофф билан учрашди.
Учрашув 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси — «Ипак йўлида туризм» ва туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестиция форуми доирасида бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг халқаро киноиндустриядаги иштирокини кенгайтириш, йирик кинолойиҳалар орқали мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиий манзаралари ва туристик салоҳиятини жаҳон миқёсида тарғиб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Country Placement дастури доирасида Голливуднинг йирик кинолойиҳаларидан бирини Ўзбекистонда амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, жаҳонга машҳур актёрлар иштирокидаги саргузашт жанридаги блокбастерни мамлакатимизда суратга олиш имконияти кўриб чиқилди. Ушбу жараёнга Ўзбекистон Миллий кинематография комиссияси амалий кўмак кўрсатади.
Учрашув якунида киноиндустрия ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, Ларри Касанофф «Кино ва туризм: янги туристик манзилларни яратиш» мавзусидаги махсус сессияда спикер сифатида иштирок этди. У халқаро киноиндустрия тажрибаси, хорижий кинолойиҳаларни жалб қилиш имкониятлари ва кинотуризмни ривожлантириш ҳақида сўз юритди.
Сессияда Ўзбекистоннинг халқаро кинематографистлар учун афзалликлари, жумладан, бой тарихий-маданий мероси, ноёб суратга олиш масканлари ва кинематография соҳасидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳам муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Ларри Касанофф Голливуд киноиндустриясида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга. У Threshold Entertainment Group компанияси раиси ва бош ижрочи директори, бутун дунёга машҳур «Mortal Kombat» франшизаси яратувчиси ҳисобланади. Шунингдек, у Жеймс Кэмерон билан биргаликда Lightstorm Entertainment киностудияси асосчиларидан бири.
Изоҳ