my.gov.uz порталида қурилиш соҳасига оид янги хизмат ишга туширилди. У орқали фуқаролар республика ҳудудидаги қурилиши тугалланган ва ҳозирда қурилаётган объектлар ҳақидаги очиқ маълумотлар билан уйдан чиқмасдан танишишлари мумкин.
Хизмат кўп қаватли турар жойлар, якка тартибдаги уйлар, маданият, санъат ва туризм каби 30 дан ортиқ йўналишдаги объектларни қамраб олади.
Портал орқали объектнинг номи, аниқ манзили, тоифаси ва фойдаланишга топшириш муддати, қаватлар ҳамда хонадонлар сони, умумий майдони ва лойиҳа қиймати ҳақида маълумот олиш мумкин. Шунингдек, буюртмачи, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади.
Бундан ташқари, объектнинг қонунийлигини тасдиқловчи қуйидаги ҳужжатларни юклаб олиш имконияти мавжуд:
- Архитектура-шаҳарсозлик кенгаши хулосаси;
- Давлат экспертизаси хулосаси;
- Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун берилган рухсатнома.
Мазкур хизмат, айниқса, улуш киритиш асосида қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олишни режалаштираётган фуқаролар учун муҳим аҳамиятга эга. Энди маблағ киритишдан олдин қурилишга оид рухсатномалар ва белгиланган муддатларни мустақил равишда текшириш мумкин.
Хизматдан my.gov.uz портали орқали фойдаланиш мумкин.
Изоҳ