• 11 991 сўм
    -12.39
  • 13 137 сўм
    -19.57
  • 146 сўм
    -0.5
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 991 сўм
    -12.39
  • 13 137 сўм
    -19.57
  • 146 сўм
    -0.5
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Кеча, 19:28

Ўзбекистонда хорижий автомобилларнинг мамлакатда бўлиш муддатини 180 кунгача узайтириш таклиф қилинди

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди. Ҳужжатда божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддатини ҳам 60 кундан 120 кунгача узайтириш назарда тутилган.

86
0
uznews.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида ташқи савдо тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонун лойиҳасидаги асосий ўзгаришлардан бири хорижий автотранспорт воситаларини вақтинча олиб кириш тартибига тааллуқли. Унга кўра, хорижий автомобилларнинг Ўзбекистон божхона ҳудудида вақтинча бўлишининг умумий муддатини амалдаги 90 кундан 180 кунгача узайтириш таклиф этилмоқда. Бунинг учун Божхона кодексининг 149-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш режалаштирилган.

Мазкур чора автомобиль туризмини ривожлантириш ва Ўзбекистонга ўз автомобилида келадиган хорижий фуқаролар учун қулай шароит яратишга қаратилган.

Шу билан бирга, вақтинча олиб кирилган транспорт воситаларидан фойдаланиш талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш ҳам таклиф этилмоқда.

Мажлисда келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда хорижий фуқаролар томонидан вақтинча олиб кирилган 2 312 та автомобиль белгиланган муддатда мамлакатдан олиб чиқиб кетилмаган. Натижада 328 млрд сўмлик божхона тўловлари ундирилмай қолган.

Божхона органлари вакилининг таъкидлашича, айрим ҳолларда вақтинча олиб кирилган автомобиллар ноқонуний равишда эҳтиёт қисмларга ажратилмоқда ёки белгиланган мақсаддан ташқари фойдаланилмоқда. Бундай ҳолатларни аниқлаш учун чегара ва божхона органларининг ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш режалаштирилган.

Қонун лойиҳасида божхона тўловларини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш муддатини ҳам 60 кундан 120 кунгача узайтириш назарда тутилган. Бу борада Божхона кодексининг 329-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.

Мажлисда қайд этилишича, сўнгги ўн ой давомида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг 450 нафардан ортиғига жами 7,5 трлн сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилган.

Шунингдек, тўловларни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун ҳисобланадиган фоизларни белгилаш тартибини ўзгартириш таклиф этилмоқда. Хусусан, фоиз миқдорини Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқиб белгилаш назарда тутилган. Бунинг учун Божхона кодексининг 332-моддасига тегишли тузатишлар киритилади.

Бундан ташқари, божхона тўловлари бўйича мажбуриятларини ўз вақтида бажарган ва божхона қонунчилигини бузмаган виждонли тадбиркорлар учун божхона тўловлари тўланишини таъминлаш бўйича умумий кафолат миқдорини камайтириш механизми жорий этилиши режалаштирилган.

86
0

Изоҳ