Тошкентда автомобилларни жарима майдончасига олиб кетиш ва сақлаш тартиби ўзгаради. Янги қоидалар 24 декабрдан амал қила бошлайди.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЦОДД) маълум қилишича, автомобилни эвакуаторда ташишнинг ҳар бир километри учун 88 минг сўмгача (БҲМнинг 20 фоизи), жарима майдончасида сақлашнинг ҳар бир суткаси учун ҳам 88 минг сўмгача тўлов ундирилади. Эвакуация учун энг кўп тўлов 1,76 млн сўмни ташкил этади.
Масалан, автомобилни 3 километр масофага олиб кетиш ва уни жарима майдончасида 3 сутка сақлаш жами 528 минг сўмга тушиши мумкин. Бунда ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жарима алоҳида тўланади.
Агар ҳайдовчи эвакуатор автомобилни юклашни бошлашидан олдин қайтиб келиб, қоидабузарликни бартараф этса, машина эвакуация қилинмайди. Бироқ юклаш жараёни бошланганидан кейин, ҳатто ҳайдовчи етиб келган тақдирда ҳам, эвакуацияни тўхтатиб бўлмайди.
Шунингдек, автомобилни сақлаш учун тўлов эвакуаторга юклаш бошланган вақтдан ҳисоблана бошлайди.
Бундан ташқари, автомобилларни эвакуация қилиш ва эгасига қайтариш жараёни ягона электрон тизимга ўтказилади. Машинани жарима майдончасига жойлаштириш ҳақидаги қарорлар «Штрафплощадка» модули орқали расмийлаштирилади.
Автомобилни қайтариб олиш учун ҳайдовчи ушлаб туришга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиши ва QR-код билан тасдиқланган электрон рухсатнома олиши керак бўлади. Тизимдан ташқарида расмийлаштирилган рухсатномалар асосида транспорт воситаларини бериш тақиқланади.
Агар автомобиль эгаси уни олти ой давомида жарима майдончасидан олиб кетмаса, сақлаш бўйича қарздорлик мажбурий тартибда ундирилиши мумкин. 12 ой ўтгач эса суд транспорт воситасини эгасиз деб топиши мумкин.
ЦОДД маълум қилишича, автомобиль асоссиз равишда эвакуация қилинган тақдирда, харажатлар давлат органи ҳисобидан қопланади. Ташиш жараёнида машинага зарар етказилса, етказилган зарарни хизмат кўрсатган ташкилот қоплайди.
Изоҳ