2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 78 739 нафар шахсга нисбатан 64 902 та жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Ҳисобот даврида 385 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди. Уларнинг 161 нафари қатағон қурбонлари ҳисобланади.
Судланган шахслар сони 57 376 нафарни ташкил этди. Уларнинг 18 026 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 38 737 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. Яна 613 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Судланганларнинг 50 435 нафари эркак, 6 941 нафари аёл бўлган. Шунингдек, уларнинг 21 670 нафари ёшлар, жумладан, 2 097 нафари вояга етмаганлар, 2 052 нафари эса 60 ёшдан ошган шахслардир.
Бундан ташқари, 6 377 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани сабабли суд залидан озод қилинди. 13 938 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз қўйилган айблов моддалари чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Судлар томонидан 26 794 нафар шахс муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 761 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди. Ярашув институти қўлланилиши натижасида эса 18 844 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Кўриб чиқилган жиноят ишларининг асосий қисмини фирибгарлик, ўғрилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, тан жароҳати етказиш, ўзлаштириш ва растрата ҳамда безорилик билан боғлиқ ишлар ташкил этган.
Судлар томонидан жиноятларнинг сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича 34 325 та хусусий ажрим чиқарилган.
Апелляция тартибида 8 659 нафар шахсга нисбатан 6 509 та жиноят иши кўриб чиқилиб, 314 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган, 1 830 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.
Кассация тартибида 4 504 та жиноят иши 5 060 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган. Натижада 354 нафар шахсга нисбатан қарорлар бекор қилиниб, 1 188 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар ўзгартирилган.
Тафтириш тартибида эса 3 931 та жиноят иши 4 576 нафар шахсга нисбатан кўриб чиқилган. Ушбу тартибда 114 нафар шахсга нисбатан қарорлар бекор қилиниб, 492 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.
Изоҳ