Аввалроқ UzNews.uz Қашқадарёда боғча ходимлари томонидан автомобиль ичида қолдириб кетилган 3 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар берган эди.
Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида мазкур иш кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, боғча раҳбари вазифасини норасмий бажариб келган судланувчи тарбияланувчиларни автомобильда ташиган. 4 июнь куни болаларни туширгандан сўнг, у барча тарбияланувчилар машинадан чиққанини текширмасдан ва уларни санамасдан эшикларни ёпган.
Натижада болалардан бири автомобиль ичида қолиб кетган. Ҳаво ҳарорати юқори бўлгани сабабли бола машина салонида нафас ололмай, вафот этган.
Бундан ташқари, тергов давомида судланувчи фуқаролардан бирини тарбиячи ёрдамчиси лавозимига расмийлаштиргани, аммо у амалда боғчада ишламаганига қарамай, унга маош тўлаб келингани аниқланган.
Судда эркак айбини тўлиқ тан олиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ва енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан у Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми ҳамда 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Унга манзил-колонияда ўташ шарти билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, 3 йил муддатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Изоҳ