Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева саммитнинг маданий дастури доирасида Туркия биринчи хоними Эмине Эрдўғон, Қирғизистон биринчи хоними Ойгул Жапарова, Ливан биринчи хоними Нимат Авн, NUN таълим ва маданият жамғармаси бошқаруви раиси Эсра Албайрак ҳамда Покистон бош вазирининг қизи Ойша Ҳорун билан биргаликда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Зироат Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Меҳмонларга Имом Бухорийнинг илмий мероси, замонавий ахборот технологиялари асосида яратилган инновацион музей ва мажмуадаги ноёб экспонатлар ҳақида маълумот берилди.
Маданий дастур доирасида боланинг ҳаёт йўлига бағишланган кўргазма ҳам намойиш этилди. Унда бўлажак оналарни қўллаб-қувватлаш ва хавфсиз туғруқни таъминлашдан тортиб, мактабгача ва мактаб таълими, ижтимоий мослашув, касбга йўналтириш ҳамда меҳнат фаолиятини бошлашгача бўлган босқичлар акс эттирилди.
«Меҳмонлар хавфсизлик ҳисси, яқинлар меҳри, таълим олиш, мулоқот қилиш ва ўз келажагини танлаш имконияти каби асосий эҳтиёжлар ортида давлат ва жамиятнинг узлуксиз масъулияти турганини кўрдилар. Бу шундай йўлки, унда соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва таълим соҳаларидаги ҳар бир қонун ҳамда ислоҳот фақат боланинг имкониятларга бой эртанги куни таъминлангандагина ўз мазмунига эга бўлади», — деди Зироат Мирзиёева.
Катта қоғоз қайиқ шаклидаги инсталляцияга биринчи хонимлар ва меҳмонлар ўзларининг эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ саммит иштирокчилари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига кирувчи, мактабгача таълим, коррекцион-педагогик ёрдам ва болаларни комплекс реабилитация қилиш хизматларини бирлаштирган «IMKON» марказининг очилиш маросимида ҳам иштирок этган эди.
Изоҳ