Маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 339 та уй ва чорва моллари сақланадиган 20 та бино вайрон бўлган. Қутқарув-қидирув ишлари давом этмоқда.
Ҳудуддаги қутқарув ишларига маҳаллий туманлардан 1 600 нафардан ортиқ киши жалб қилинган. Минтақага 1 000 та йиғма уй, қарийб 3 000 та чодир, ётоқ жиҳозлари, фонарлар ва қишки кийимлар етказилган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 22:33 да содир бўлган. Унинг эпицентри Нагчу шаҳридан 191 километр шарқий-шимо-шарқда, аҳоли кам яшайдиган баланд тоғли ҳудудда жойлашган. Зилзила ўчоғи 18 километр чуқурликда қайд этилган.
Шунингдек, магнитудаси 4,3 дан 5,2 гача бўлган камида еттита афтершок — такрорий силкиниш кузатилган.
«Синьхуа» ахборот агентлиги хабар беришича, зилзиладан зарар кўрган айрим ҳудудларда алоқа узилган. Маҳаллий темирйўл идоралари хавфсизлик чоралари доирасида ҳудуд орқали ҳаракатланувчи поездларни тўхтатган.
Зилзила тоғ жинсларининг кўчишига ҳам сабаб бўлган. Шу боис 317-сонли миллий автомобиль йўлининг бир қисми ёпилган. Ҳозирда ушбу йўлдан фақат фавқулодда хизматлар, қутқарувчилар ва ёрдам кўрсатувчи расмий транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилган.
«Синьхуа» маълумотига кўра, келгуси уч кун давомида зилзила содир бўлган ҳудудда вақти-вақти билан қор ёғиши кутилмоқда.
Хитой марказий телевидениеси (CCTV) маълум қилишича, бу сўнгги беш йил ичида минтақада қайд этилган энг кучли зилзиладир.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин қутқарув ишларини жадаллаштириш ва жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича барча зарур чораларни кўришга чақирган.
Нагчу шаҳри Тибет пойтахти Лхасадан 300 километрдан ортиқ шимолда жойлашган.
Изоҳ