Ўзбекистоннинг Брунейдаги элчиси Каромиддин Гадоев ушбу давлат султони Ҳассанал Болкиаҳга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва Бруней ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Бруней ташқи ишлар вазири Шаҳзода Абдул Матийн ҳамда ташқи ишлар бўйича иккинчи вазир Эриван Юсоф билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Бруней вакиллари Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади.
Учрашувлар якунида томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Каромиддин Гадоев 2023 йил ноябрь ойидан буён Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси ҳисобланади. У бунга қадар Ташқи ишлар вазирлигининг БМТ ва бошқа халқаро сиёсий ташкилотлар билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 1995 йилдан буён ТИВ тизимида, жумладан, вазирлик марказий аппаратида, Ўзбекистоннинг НАТОдаги миссияси ва Брюсселдаги элчихонасида турли лавозимларда фаолият юритган.
Изоҳ