Ички ишлар вазирлиги нодавлат таълим ташкилотларида ички ишлар органларининг профилактика катта инспекторлари ва инспектор-психологлари фаолиятини ташкил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Лойиҳага мувофиқ, хусусий олий таълим муассасаларида ўз маблағлари ҳисобидан профилактика катта инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар лавозимларини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида эса вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар ва катта инспектор-психологлар лавозимларини жорий этиш кўзда тутилган.
Ушбу ходимларнинг асосий вазифалари ўқувчилар ва талабалар ўртасида ҳуқуқбузарликлар, зўравонлик, буллинг, гиёҳвандлик ҳамда экстремистик ғоялар таъсирининг олдини олишдан иборат бўлади.
Шунингдек, улар ёшларда қонунларга ҳурмат, фуқаролик масъулияти ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилган тушунтириш ишларини олиб боради. Муаммолари мавжуд ва хавф гуруҳига кирувчи ўқувчилар билан таълим муассасаси маъмурияти, психологлар, педагоглар ва ота-оналар ҳамкорлигида профилактик ҳамда психологик ишлар ташкил этилади.
Қандай тадбирлар ўтказилиши мумкин?
Лойиҳада инспекторлар томонидан бир қатор махсус профилактик тадбирларни ўтказиш ҳам назарда тутилган:
- «Давомат» — узрли сабабларсиз мунтазам дарс қолдирадиган ўқувчиларни аниқлаш;
- «Тунги текширув» — тунги вақтда ота-онасисиз кафе, бар, клуб ва бошқа кўнгилочар жойларда бўлган ўқувчиларни аниқлаш;
- «Ўсмир» — ўқувчиларда тақиқланган буюмлар мавжудлиги ва автомобилни қонунга хилоф равишда бошқариш ҳолатларини аниқлаш;
- «Ўқувчи» — дарс вақтида кўча, бозор ва кўнгилочар жойларда юрган ўқувчиларни аниқлаш;
- «Тиғ» — олий таълим муассасаларига турли буюм ва моддаларни ноқонуний олиб киришнинг, шунингдек, ҳаёт ва соғлиққа қарши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
- «Орият» — олий таълим муассасаларида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш.
Бундан ташқари, инспекторлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ишларида иштирок этади.
Хусусий олий таълим муассасаларида талабаларнинг ётоқхоналар ва ижара уйларидаги яшаш шароитларини текшириш ҳам таклиф этилмоқда.
Лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 3 ноябрга қадар давом этади. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа ҳисобланади ва ундаги таклифлар якуний қарор қабул қилинганини англатмайди.
Манба: Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали.
Изоҳ