Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ҳарбий хизматчилари иштирокида ўтказилган «Бирлик кучи – 2026» қўшма ҳарбий машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Машғулотларнинг ёпилиш маросимида ҳарбий оркестр жўрлигида Озарбайжон, Туркия ва Ўзбекистон давлат мадҳиялари янгради.
Маросимда сўзга чиққанлар машғулотлар ҳарбий хизматчилар ўртасида тажриба алмашиш, жанговор тайёргарликни ошириш ҳамда дўстона алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилганини таъкидлади.
Шунингдек, мураккаб рельефли ҳудудда, реал жанговор шароитларга максимал даражада яқин вазиятда топшириқларни бажариш давомида ҳарбий хизматчилар юқори профессионаллик, тактик саводхонлик ва ҳаракатлар уйғунлигини намойиш этиб, олдиларига қўйилган вазифаларни муносиб бажаргани қайд этилди.
Машғулотлар якунлангач, уларда алоҳида ажралиб турган ҳарбий хизматчиларга совғалар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, қўшма машғулотлар 22 сентябрь куни Қорабоғ иқтисодий районидаги «Қизилқоя», Нахчивон Мухтор Республикасидаги «Қорабоғлар» ўқув марказлари ҳамда Озарбайжоннинг Каспий денгизидаги «Буюк Зира» ўқув полигонида бошланган эди.
Изоҳ