• 11 809 сўм
    -12.42
  • 13 404 сўм
    -15.28
  • 142 сўм
    1.72
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 809 сўм
    -12.42
  • 13 404 сўм
    -15.28
  • 142 сўм
    1.72
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 15:53

Сенат уюшган жиноятчилик ва уни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Қонун жиноий уюшмалар фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарлик белгилайди ҳамда уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик учун жазони кучайтиради. Бундай жиноят учун жиноий жавобгарлик 14 ёшдан бошланади.

48
0
uznews.uz

Сенатнинг 20-ялпи мажлисида уюшган жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун кўриб чиқилди.

Маъруза билан сўзга чиққан Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мамлакатда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

«Шу билан бирга, ҳаётнинг ўзи жиноятчиликка қарши курашиш усулларини доимий равишда такомиллаштиришни талаб қилмоқда. Жиноят содир этиш усуллари ўзгармоқда, уюшган жиноятчиликнинг янги шакллари пайдо бўлмоқда. Бу жиноий қилмишларнинг янги шаклларини ҳисобга олган ҳолда жавобгарлик чораларини такомиллаштиришни талаб этади», — деди Қутбиддин Бурхонов.

Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда қасддан оғир тан жароҳати етказиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлган 119 та ҳолат қайд этилган. 2025 йилда бу кўрсаткич 125 тани, 2026 йилнинг саккиз ойида эса 78 тани ташкил этган. 2024–2026 йилларда қасддан оғир тан жароҳати етказилиши оқибатида 322 киши ҳалок бўлган.

Шунингдек, сўнгги йилларда уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар сони сезиларли даражада ошган. 2023 йилда 958 киши иштирокидаги 199 та уюшган гуруҳ томонидан 582 та жиноят содир этилган. 2024 йилда эса 1226 киши иштирокидаги 382 та гуруҳ 2270 та жиноят содир этган.

2025 йилда 1196 киши иштирокидаги 373 та уюшган гуруҳ томонидан 3003 та жиноят содир этилган. 2026 йилнинг саккиз ойида эса 789 киши иштирокидаги 292 та уюшган гуруҳ 2516 та жиноят содир этган.

Қонунга кўра, қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.

Биринчидан, уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик учун 14 ёшдан жиноий жавобгарлик белгиланади. Шунингдек, жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирган шахсларга, шунингдек, ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали жиноий уюшма тузилишига ёки у томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳомийлик қилган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш қўлланилмайди.

Жиноят кодексига жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун жавобгарликни белгилайдиган янги нормалар ҳам киритилади.

Айни вақтда жиноий уюшмани молиялаштиришда иштирок этган шахс оғир оқибатларнинг олдини олиш ва жиноий уюшма мақсадларини амалга оширишга фаол кўмаклашган, бу ҳақда ваколатли органларга ўз вақтида хабар берган ёки бошқа йўл билан ёрдам кўрсатган бўлса, унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби мавжуд бўлмаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Безорилик учун жазо чоралари ҳам кучайтирилади. Жуда кўп миқдорда зарар етказиш, бошқа шахснинг мол-мулкини қасддан йўқ қилиш ёки унга зарар етказиш, шунингдек, безориликни уюшган гуруҳ томонидан содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида белгиланади.

Безорилик вақтида қасддан оғир тан жароҳати етказиш, шунингдек, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан оғир тан жароҳати етказиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилади.

Бундан ташқари, жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланади.

Иккинчидан, Жиноят-процессуал кодексида янги жиноят таркиблари бўйича терговга тегишлилик белгиланади. Жиноий уюшма фаолиятини молиялаштириш билан боғлиқ жиноятлар бўйича дастлабки тергов прокуратура органлари терговчилари томонидан амалга оширилади. Безорилик ва жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ айрим жиноятлар бўйича эса ички ишлар органлари терговчилари тергов олиб боради.

Учинчидан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жанговар спорт турлари бўйича қонунга хилоф равишда ташкил этилган мусобақаларда иштирок этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги модда киритилади. Бундай ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилади.

Сенаторлар қонуннинг жиноий ташкилотларнинг молиявий ресурсларини чеклаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ёшларни криминал муҳит таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келувчи зўравонлик жиноятларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Муҳокамалар якунлангач, қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

48
0

Изоҳ