Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
Тезкор-қидирув тадбири давомида дала майдонидаги дарахтлар орасига яширилган 4 та хўжалик қопи аниқланган. Қоплар ичидаги 109 та ўрамда бўлган модда Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, қарийб 95 килограмм гашиш экани тасдиқланган.
Гиёҳвандлик воситаларини олиб кетиш учун келадиган шахсларни аниқлаш мақсадида ҳудуд бир неча кун давомида кузатув остига олинган. Орадан 8 кун ўтиб, наркотик моддаларни олиб кетиш учун келган икки нафар фуқаро қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилган.
Тергов ҳаракатлари давомида гиёҳвандлик воситаларини яширилган жойдан олиб кетиш ҳақида топшириқ берган шахс ҳам аниқланиб, қўлга олинган. Маълум бўлишича, у муқаддам бензин контрабандаси билан шуғуллангани учун Божхона қўмитаси томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида жавобгарликка тортилган.
Расмий маълумотга кўра, мусодара қилинган 95 килограмм гашиш қарийб 700 минг дозага тенг. Унинг қора бозордаги қиймати якуний истеъмолчига етказилгунга қадар 10 миллион доллардан ошиши мумкин бўлган.
Ҳозирда ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ