Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Оққўрғон тумани прокурори ёрдамчисининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Маълум қилинишича, мансабдор шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг машина олди-сотдиси билан боғлиқ масаласини ҳал қилиб бериш ҳамда банкдан 600 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олишига кўмаклашиш эвазига жами 12 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у сўралган пулнинг 4700 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида прокурор ёрдамчиси аввалроқ ҳам ушбу фуқародан 1300 доллар олгани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатиш чораси кўрилмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Хабар берувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланиши маълум қилинди.
Изоҳ