25 сентябрь куни соат 05:05 да Сирдарё вилоятида жойлашган ва EDF компаниясига тегишли янги иссиқлик электр станциясида 1600 МВт қувват авариявий тарзда ўчди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур электр станцияси яқинда қурилган бўлиб, ҳозирда унда ишга тушириш-созлаш ишлари олиб борилмоқда.
Станциядаги авариявий ўчиш натижасида аварияга қарши автоматика ишга тушган. Бу республиканинг айрим ҳудудларида электр таъминотининг вақтинча узилишига олиб келган.
Таъкидланишича, узилишлар асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сув насослари ва маиший истеъмолчиларга таъсир кўрсатган.
Ҳозирда электр таъминотисиз қолган барча истеъмолчилар тармоққа қайта уланган.
Электр таъминотини тиклаш жараёнида энергия сақлаш тизимлари ва электр станцияларининг захира қувватларидан фойдаланилган. Шундан сўнг истеъмолчилар босқичма-босқич тармоққа уланган.
Қозоғистоннинг электр тармоқларини бошқарувчи KEGOC компанияси маълум қилишича, Ўзбекистон энергетика тизимида генерация ўчирилиши сабабли Марказий Осиё энергетика тизими томонидан қувват оқими юзага келган. Бу Шимол-Жануб транзитининг ажралишига олиб келган.
Қозоғистон энергетика тизимида истеъмолчилар учун чекловлар ҳажми 962 МВтни ташкил этган. Ҳозирда барча чекловлар бекор қилинган.
Изоҳ