Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги мактабда қўриқчи 6-синф ўқувчисига нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этганликда гумон қилинган. Суд иш материалларида жиноят аломатлари бор-йўқлигини тўлиқ текшириш зарурлигини қайд этиб, ҳужжатларни прокуратурага юборган.
Суд ҳужжатига кўра, 2003 йилда туғилган Ж.Ш. 186-умумтаълим мактабида шартнома асосида қўриқлаш хизмати ходими бўлиб ишлаган.
Иш материалларида қайд этилишича, у 2026 йил 15 сентябрь куни соат 15:30 атрофида мактаб биносида 2014 йилда туғилган, 6-синфда таҳсил олувчи вояга етмаган қиз олдига келиб, унинг белидан ушлаган ва лабидан ўпган.
Дастлаб суриштирув органи Ж.нинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми — шаҳвоний шилқимлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаб, ишни судга юборган.
Бироқ суд иш материалларини ўрганиш давомида ҳолат тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона текширилмаганини аниқлаган. Хусусан, Ж.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 129-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигига ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Суднинг қайд этишича, 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатмасдан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳаракат 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган ҳолатда қонунчиликда алоҳида жавобгарлик белгиланган.
Шу сабабли суд ишни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида кўриб чиқишдан олдин ҳолатнинг барча жиҳатларини, жумладан, ҳаракатларда жиноят таркиби бор-йўқлигини аниқлаш зарур, деган хулосага келган.
Шунга кўра, суд Ж.Ш. нисбатан МЖтКнинг 41-1-моддаси 1-қисми бўйича тўпланган маъмурий иш материалларини қайта суриштирув ўтказиш ва тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун Шайхонтоҳур тумани прокурорига юбориш ҳақида ажрим чиқарган.
Изоҳ