Давлат раҳбари Кегейли туманидаги ADM Agro компаниясининг интенсив боғини кўздан кечирди. Қиймати 55 млрд сўм бўлган лойиҳа 330 гектар майдонда амалга оширилмоқда. Боғ Оролбўйининг мураккаб иқлим шароити ва шўрланган тупроқларида мева етиштиришга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида 300 та иш ўрни яратилган.
Айни вақтда боғнинг 69 гектарида шўрланишга чидамли, Америка селекциясига мансуб 250 минг туп қора олхўри кўчати экилган. Нав икки йилдан сўнг ҳосилга киради ва ҳар бир дарахтдан 50–60 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Қатор ораларида эса юқори ҳосилли помидор етиштирилмоқда.
Сувни тежаш мақсадида боғда ёпиқ дренаж ва томчилатиб суғориш тизими жорий этилган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, бунинг натижасида гектарига сув сарфи 12 минг литрдан 5 минг литргача, яъни 60 фоизга қисқартирилган.
Корхонада меваларни қуритиш ва қайта ишлаш ускуналари ҳам ўрнатилган. Лойиҳа доирасида маҳсулотларни Хитой, Жанубий Корея ва Россияга экспорт қилиш бўйича келишувлар тузилган.
Кегейлида 200 мингта товуқ сақланадиган мажмуа
Шундан сўнг Президент Кегейли туманидаги «Кегейли барака наслли парранда» паррандачилик мажмуаси фаолияти билан танишди.
Қиймати 7,8 млн доллар бўлган лойиҳа 21 гектар майдонни эгаллаган. Мажмуада бир вақтнинг ўзида 200 мингтагача товуқ сақлаш имконияти мавжуд бўлиб, 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган.
Ҳозирда мажмуада 130 мингта товуқ парваришланмоқда. Йилига 27,5 млн дона инкубацион тухум етиштирилиб, улар товуқ ва бир кунлик жўжалар кўринишида сотилмоқда.
Паррандаларни ем билан таъминлаш учун корхона ҳудудида суткасига 100 тонна комбикорм ишлаб чиқариш қувватига эга тўлиқ автоматлаштирилган завод ҳам барпо этилган.
Аввал Қорақалпоғистонга парранда гўшти ва тухум бошқа ҳудуд
Аввал Қорақалпоғистонга парранда гўшти ва тухум бошқа ҳудудлардан етказиб берилган. Энди мажмуа Оролбўйи эҳтиёжини таъминлаш билан бирга маҳсулотларни хорижга ҳам экспорт қилмоқда.
Жорий йил сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 млн долларга етказиш режалаштирилган.
Кегейли туманида йил якунига қадар қиймати 5 млн долларлик яна бир паррандачилик корхонасини ишга тушириш режалаштирилган.
Президент бундай корхоналарни йирик паррандачилик холдингларига айлантириш ва улар негизида юқори маошли янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириқлар берди.
Изоҳ