Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилишича, савдога чиқариладиган активларнинг умумий қиймати 100 трлн сўмни ташкил этади. Уларни сотишдан йил якунига қадар камида 14 трлн сўм тушум олиш кутилмоқда.
Шунингдек, 85 та давлат иштирокидаги корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш режалаштирилган. Илгари сотилмаган 84 та объект эса аукционга 1 млн сўмдан бошланғич нархда қайта чиқарилади.
Янги тартибга кўра, давлат активини харид қилишда аванс тўлови 35 фоиздан 15 фоизга туширилади. Қолган маблағни эса қўшимча фоизлар ҳисобланмасдан босқичма-босқич тўлаш мумкин бўлади.
Йирик битимлар учун ҳам имтиёзлар белгиланади:
- актив қиймати 6 ой ичида тўлиқ тўланса, харидорга 25 фоиз чегирма берилади;
- актив қийматининг 35 фоизи 3 ой ичида тўланса, қолган қисмини 5 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш мумкин;
- 50 фоизи 6 ой ичида тўланган тақдирда, қолган маблағни 7 йилгача бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Агар актив уч ой давомида сотилмаса, унинг нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилади. Айрим ҳолларда нархни аввал тушириш, кейин эса савдони оширувчи тартибда давом эттириш имконини берувчи гибрид аукцион ҳам ўтказилади.
Ушбу механизм ва имтиёзлар давлат иштирокидаги тижорат банклари балансидаги активларни сотишда ҳам қўлланиши мумкин.
Бундан ташқари, тадбиркорларга муҳандислик тармоқларига уланишнинг техник шартлари ва зарур рухсатномалари олдиндан тайёрланган «тайёр пакет» тамойили асосида ер участкаларини сотиш механизми жорий этилади.
Йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш, уларга хусусий инвесторлар ва молиявий инструментларни жалб қилиш ҳам кўзда тутилган.
Давлат активларини онлайн тарзда e-auksion электрон платформаси орқали харид қилиш мумкин.
Изоҳ