• 11 789 сўм
    4.03
  • 13 703 сўм
    7.04
  • 136 сўм
    0.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 789 сўм
    4.03
  • 13 703 сўм
    7.04
  • 136 сўм
    0.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 16:04

Тошкентликларнинг уй-жойи баҳоланган қиймати ўнлаб баробарга ошди

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази уй-жойларнинг баҳоланган қиймати ошиши солиқлар миқдорига ҳам таъсир қиладими, янги баҳолаш мулкдорлар учун қандай оқибатларга олиб келиши ва натижалардан норози бўлган фуқаролар нима қилиши мумкинлигини тушунтирди.

34
0

Оммавий баҳолаш натижасида Тошкентдаги айрим уй-жойларнинг баҳоланган қиймати аввалги кўрсаткичларга нисбатан 7–15 баробарга ошган. Бу эса аҳоли орасида кўчмас мулк солиғи ҳам кескин ошиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни келтириб чиқарди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари my.gov.uz портали орқали кўчмас мулк объектларининг баҳоланган қиймати ўзгаргани ҳақида хабарномалар ола бошлаган.

Вазиятга Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази директор ўринбосари Феруз Султанов изоҳ берди.

Унинг таъкидлашича, оммавий баҳолаш натижасида аниқланган қийматни солиқ ставкаси ёки солиқ миқдори билан тўғридан-тўғри боғлаш мумкин эмас. Амалдаги қонунчиликка кўра, турар жойлар учун мол-мулк солиғини ҳисоблашда солиқ базаси сифатида кадастр қиймати сақланиб қолмоқда.

«Яъни, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш натижалари ҳозирги кунда ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди», — деди Феруз Султанов.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри бўйича кўчмас мулкни баҳолаш натижалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, «Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тўғрисида»ги қонун қабул қилингач, солиққа тортиш масаласи тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, ҳар қандай ўзгаришлар аҳоли ва тадбиркорлар манфаатлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилиши таъкидланди.

«Шу боис солиқлар кескин ошишидан хавотирланиш учун асос йўқ», — дея қўшимча қилди марказ директор ўринбосари.

Ҳозирда мулкдорлар davreestr.uz ёки my.gov.uz порталлари орқали ўзларига тегишли кўчмас мулкнинг тахминий бозор қиймати билан танишишлари, шунингдек, баҳолаш натижалари бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

Қайд этилишича, мулкдорлар учун оммавий баҳолаш натижалари бўйича фикр билдириш мажбурий эмас ва бу ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди. Бироқ билдирилган фикр ва мулоҳазалар баҳолаш сифатини яхшилашга ёрдам бериши мумкин.

«Агар фуқаролар оммавий баҳолаш натижалари бўйича ўз фикрларини билдирмасалар, баҳолаш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва ўзгаришсиз қолади», — деди Феруз Султанов.

34
0

Изоҳ