2026 йил 1 октябрдан Қозоғистоннинг «Йўловчи ташишлар» компанияси Алматы – Тошкент йўналишида қатнайдиган халқаро поезд таркибида «Аёллар вагони» хизматини йўлга қўяди. Бу Қозоғистон темирйўл тизимида мазкур хизмат биринчи марта халқаро йўналишда жорий этилишини англатади.
Компания ушбу қарорни Алматы – Тошкент йўналишининг талаб юқорилиги ва икки давлат ўртасидаги йўловчи оқими ортиб бораётгани билан изоҳлаган. Компания раҳбари Ануар Ахметжановнинг таъкидлашича, «Аёллар вагони» ички йўналишларда ҳам юқори талабга эга. Хизмат ишга туширилганидан буён ундан 946 мингдан ортиқ йўловчи фойдаланган.
№1/2 халқаро поезд Алматы ва Тошкент ўртасида ҳар куни қатнайди. Алматыдан поезд соат 19:05 да жўнайди ва Тошкентга эртаси куни 12:53 да етиб келади. Қайтиш рейси Тошкентдан 14:41 да йўлга чиқиб, Алматыга эртаси куни 08:51 да етиб боради.
«Аёллар вагони»да чипталар фақат аёлларга сотилади. Вагонда йўловчиларга фақат аёл проводниклар хизмат кўрсатади.
Шу билан бирга, катта ёшли аёл ҳамроҳлигида 7 ёшгача бўлган ўғил болаларнинг ушбу вагонда сафар қилишига рухсат берилади.
«Аёллар вагони»га чиптани темирйўл кассалари орқали олишда кассирга айнан шу вагонда жой кераклигини билдириш лозим. Онлайн харидда эса вагон ва жой танлаш вақтида «ЖН» белгисига эътибор бериш керак.
Чипталар савдоси поезд жўнашидан 45 кун олдин очилади. Шунинг учун йўловчилар сафарни олдиндан режалаштириб, жойни аввалроқ банд қилишлари мумкин.
Чипталарни Қозоғистон темирйўлларининг расмий сайти орқали ҳам харид қилиш мумкин.
Изоҳ