Қиймати 225 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида аэропорт ва темир йўл вокзалини боғловчи 11 километрлик янги линия қурилди. Унда бекат, кўприк, автомобиль йўллари билан кесишмалар ва 25 та сув ўтказиш иншооти барпо этилди.
Янги йўналиш орқали йилига қарийб 650 минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳни ташиш имконияти яратилади. Урганч ва Хива ўртасидаги қатнов вақти 80 дақиқадан 40 дақиқага қисқаради.
Урганч халқаро аэропорти — Хива йўналишида Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J электропоезди қатнови йўлга қўйилмоқда. Олти вагонли поезд қарийб 400 нафар йўловчини ташиши ва соатига 160 километргача тезликда ҳаракатланиши мумкин.
Поездда VIP, бизнес ва эконом-класс ўринлари, бепул Wi-Fi, қурилмаларни қувватлаш портлари, замонавий кондиционер ва иситиш тизимлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам шароитлар яратилган.
Шунингдек, Урганч аэропорти ва Хива вокзали ўртасида қатнайдиган 10 та янги троллейбус олиб келинган. Улар электр тармоғига уланмаган ҳолда 100 километргача ҳаракатлана олади.
Ҳар бир троллейбус 87 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, USB ва Type-C портлари, кузатув камералари ҳамда бир қатор замонавий хавфсизлик тизимлари билан жиҳозланган.
Маълум қилинишича, аэропорт ва темир йўлни бевосита боғлайдиган бундай лойиҳа Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилган.
Изоҳ