Марказий банк бошқаруви кредит ва тўлов ташкилотлари ҳамда тўлов тизимлари операторлари томонидан жисмоний шахсларга масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда фирибгарликнинг олдини олиш бўйича минимал талабларга ўзгартишлар киритди.
Янги талаблардан бири мобиль иловаларда фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказишга тааллуқли. Кредит ва тўлов ташкилотлари мижозни масофадан туриб биометрик идентификациядан ўтказиши мумкин.
Телефон рақами эгасининг ЖШШИРи илова фойдаланувчисининг ЖШШИРига мос келиши керак. Корпоратив рақамлар бундан мустасно.
Шу билан бирга, аккаунтда фойдаланувчининг яқин қариндошларига тегишли банк ҳисобварақлари, карталар ва электрон ҳамёнларни рўйхатдан ўтказиш ва бириктириш мумкин бўлади. Ушбу аккаунт орқали жисмоний шахслар ўртасида P2P ўтказмаларни амалга оширишга рухсат берилади.
Кредит ва тўлов ташкилотлари ўз рискларни бошқариш сиёсати асосида OTP-код ёки бошқа қўшимча аутентификациясиз амалга ошириладиган P2P ўтказманинг максимал миқдорини мустақил белгилайди. Бундай ўтказмаларда фирибгарлик содир этилса, масъулият кредит ёки тўлов ташкилоти зиммасига юкланади.
Белгиланган лимитдан юқори бўлган ўтказмалар OTP-код ёки бошқа аутентификация усули орқали тасдиқланиши шарт. P2P ўтказмаларни веб-сайтлар орқали амалга ошириш тақиқланади.
Мавжуд аккаунт паролини тиклаш ёки унга бошқа қурилмадан кириш учун ҳам биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади. Бироқ картага боғлаш ҳолатида фойдаланувчига фақат OTP-кодни киритиш кифоя қилади.
Бошқа қурилмадан кирилганда ёки пароль тикланганда аккаунтга бириктирилган барча банк карталари автоматик равишда нофаол ҳолатга ўтказилади.
Пул ўтказмаларида шахсий маълумотларни кўрсатиш тартиби ҳам ўзгаради. Банк картаси эгасининг исми ва фамилияси, шунингдек, ўтказма жўнатувчиси ва қабул қилувчисининг маълумотлари мобиль иловада қисман яширилган ҳолда акс эттирилади. Илгари иловада карта эгасининг исми ва фамилияси биринчи ҳарфи кўрсатилар эди.
Янги талаблар уч ойдан сўнг кучга киради.
Изоҳ