Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ички ишлар органларининг 2026 йилнинг биринчи олти ойидаги фаолиятини сарҳисоб қилди. Ҳайъат йиғилишида ҳудудлардаги криминоген вазият, хизмат интизомига риоя этилиши ва фаолиятнинг бошқа йўналишлари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, ҳисобот даври якунларига кўра, 5 778 та ёки жами маҳаллаларнинг 64 фоизида бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. Шу билан бирга, 476 та маҳалла "қизил" тоифада қолмоқда.
Бундан ташқари, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 87 фоизи фош этилган.
Умуман олганда, ходимларнинг тезкорлиги, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиши ва алоҳида фуқароларнинг фаоллиги туфайли жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 31,4 фоизга яхшиланди. Натижада фуқароларга етказилган жами 1 трлн 365 млрд сўмлик моддий зарар қоплаб берилди.
Бундан ташқари, суд ва тергов органларидан яшириниб, жавобгарликдан бўйин товлаган 5 010 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинди. Қисқа вақт ичида яшаш жойини тарк этган ва бедарак йўқолган 2 минг 616 нафар фуқаронинг манзилгоҳи аниқланди.
Шу билан бирга, йиғилишда мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликлар, айрим раҳбар ва масъулларнинг сусткашлиги, мурожаатларнинг мазмун-моҳиятига етарлича эътибор қаратилмаётгани танқид қилинди.
Криминоген вазиятни барқарорлаштиришда йўл қўйган жиддий камчиликлари учун шаҳар ва туман ички ишлар органларининг 6 нафар бошлиғини лавозимидан озод этишга қарор қилинди.
Шунингдек, уларнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги 2 нафар ўринбосари ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаларининг 2 нафар масъул раҳбари лавозимидан озод этилди.
Яна етти нафар раҳбар қатъий интизомий жазога тортилди, уч нафар раҳбарнинг эгаллаб турган лавозимида қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилди.
Жиноятларнинг олдини олиш ва уларни ташаббускорлик билан аниқлаш бўйича биринчи уч ўринни эгаллаган Тошкент, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ички ишлар бошқармалари рағбатлантиришга таклиф этилди.
Изоҳ