• 11 916 сўм
    28.92
  • 13 749 сўм
    32.19
  • 146 сўм
    -0.18
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 916 сўм
    28.92
  • 13 749 сўм
    32.19
  • 146 сўм
    -0.18
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 18:10

Ўзбекистоннинг ҳар бир маҳалласи учун энергетик паспорт жорий этилади — Энергетика вазири

Энергетик паспортда истеъмолчилар сони ва тоифалари, электр ва газ тармоқларининг ҳолати, шунингдек, таъмирлаш ишларини амалга ошириш зарурати ҳақидаги маълумотлар акс эттирилади. Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун мобиль иловани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

88
0
uznews.uz

Ўзбекистондаги ҳар бир маҳалла учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ҳолатини тўлиқ қамраб олувчи ягона энергетик паспорт шакллантирилади. Бу ҳақда энергетика вазири Шерзод Хўжаев президент ҳузуридаги тақдимотдан сўнг маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бундай паспорт ёрдамида ҳар бир маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифалари, тармоқларнинг ҳолати, шунингдек, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағ ҳамда вақт аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

«Биз барча техник параметрларни — маҳалладаги истеъмолчилар сони ва уларнинг тоифаларидан тортиб, электр ва газ таъминоти инфратузилмасининг жорий ҳолати, шунингдек, уни модернизация қилиш учун зарур бўлган вақт ва маблағгача аниқ ҳисоблаб чиқамиз. Агар мавжуд имкониятлар аҳоли ва тадбиркорларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарли бўлмаса, инфратузилмани қайси босқичда ва қандай усулда яхшилаш зарурлигини олдиндан белгилаб олишимиз керак», — деди вазир.

Энергетика вазирининг таъкидлашича, энергетика соҳасида истеъмолчилар билан ўзаро ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқиш зарур. Жумладан, тадбиркорлар ва аҳолининг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш учун ахборот ҳамда биллинг тизимларига интеграция қилинган мобиль иловани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ушбу илова орқали истеъмолчилар қарздорлиги ҳақида маълумот ва бошқа ахборотларни олишлари, шунингдек, Call-марказга мурожаат қилмасдан электр ва газ таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар беришлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, Call-марказлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, улар сонини кўпайтириш, мурожаатларни кўриб чиқиш тезлиги ва сифатини ошириш режалаштирилмоқда.

Табиий газ ва электр энергиясини етказиб беришдаги йўқотишлар ҳамда қарздорликни кескин қисқартириш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланган. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ёрдамида хавфлар таҳлил қилинади, шунингдек, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва ходимлар меҳнати самарадорлигини ошириш механизмлари жорий этилади.

Энергетика вазири суюлтирилган газнинг эркин бозорини яратиш зарурлигини ҳам маълум қилди. Тадбиркорлар томонидан хориждан импорт қилинган суюлтирилган газни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига сотиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек, улар учун қўшимча қулайликлар яратиш режалаштирилган.

88
0

Изоҳ