Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жорий йилда биринчи синфга борадиган болалар учун “Президент совғаси” тўпламларини етказиб бериш ишларини бошлади.
Ҳар бир тўпламга 12 турдаги мактаб анжомлари киритилган. Улар қуйидагилардан иборат: мактаб сумкаси, 12 варақли 12 та дафтар, ручка, 2 та оддий қалам, 12 рангли қаламдан иборат тўплам, рангли қоғоз, пластилин, расм чизиш альбоми, 2 та ўчирғич, акварель бўёқлар тўплами, елим ва пенал.
Вазирлик маълумотига кўра, 15 августга қадар барча тўпламлар мамлакатнинг барча ҳудудларига етказилади. 25 августгача эса қабул қилинган ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, мактаблар ўртасида тақсимланади.
Жорий ўқув йилида биринчи синфга 795 мингдан ортиқ болани қабул қилиш режалаштирилган. 5 август ҳолатига кўра, мактабларга 680 мингга яқин бўлажак биринчи синф ўқувчиси қабул қилинган бўлиб, бу режалаштирилган кўрсаткичнинг 85 фоизини ташкил этади.
“Президент совғаси” тўпламлари ўқув йилининг бошланишига бағишланган тантанали тадбирдан сўнг ўқувчиларга топширилади. Шунингдек, уларни нодавлат мактаблар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳам олади.
Изоҳ