• БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 09:18

Samarkand-2028" сунъий йўлдоши муваффақиятли орбитага чиқарилди — видео

Бугун, 5 август куни STAR.VISION компанияси томонидан Хитойнинг Шаньдун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан Ўзбекистоннинг "Samarkand-2028" ҳамда Индонезиянинг "Lampung-1" гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли учирилди.

94
0
Uzcosmos

Бугун, 5 август куни Хитойнинг Шандун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз старт платформасидан STAR.VISION компанияси томонидан «Samarkand-2028» ва «Lampung-1» гиперспектрал сунъий йўлдошлари муваффақиятли орбитага учирилди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихидаги энг йирик халқаро космик ташаббуслардан бири бўлиб, мамлакат миллий космик дастури ривожида янги босқични бошлаб берди. Шу билан бирга, лойиҳа Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-технологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Лойиҳа доирасида «Ўзбеккосмос» агентлиги мутахассислари сунъий йўлдош борти учун махсус сунъий интеллект модулини ишлаб чиқди. Ушбу технология гиперспектрал маълумотларни бевосита орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини бериб, маълумотларни узатиш ва таҳлил қилиш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

«Samarkand-2028» миссияси қишлоқ хўжалиги, экология, табиий ресурсларни мониторинг қилиш, сув ресурсларини бошқариш, фавқулодда вазиятларни кузатиш, шаҳарсозлик ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда космик технологиялардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.

Сунъий йўлдошга «Samarkand-2028» номи берилгани ҳам рамзий маънога эга. Бу ном 2025 йилда Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида (IAC) қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2028 йилги Халқаро астронавтика конгресси Самарқанд шаҳрида ўтказилиши билан боғлиқ.

Мутахассислар ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг жаҳон космик ҳамжамиятидаги иштирокини кенгайтириш, миллий муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда сунъий интеллект ва космик технологиялар соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлишини қайд этмоқда.

94
0

Изоҳ