Вазирлар Маҳкамаси шахсий маълумотларни трансчегаравий узатишнинг ягона тартибини белгилаш мақсадида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш даражаси Ўзбекистонникига мос келадиган хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлади.
Энди тасдиқланган рўйхатга киритилган давлатларга шахсий маълумотлар ва шахсни аниқлаш имконини бермайдиган (обезличенный) маълумотлар халқаро шартномалар асосида ташкил этилган ахборот тизимлари орқали қўшимча рухсат ёки ваколатли органни хабардор қилмасдан автоматик тарзда узатилиши мумкин. Шу билан бирга, маълумотлар базаси оператори уларнинг сизиб чиқишидан ишончли ҳимояланишини таъминлаши шарт.
Рўйхатдан ўрин олмаган давлатларга шахсий маълумотларни узатиш эса фақат ваколатли орган белгилаган ҳуқуқий, ташкилий ва техник талабларга риоя қилинган тақдирда амалга оширилади.
Шунингдек, трансчегаравий маълумот узатиш жараёнида шахсий маълумотлар сизиб чиққан тақдирда, маълумотлар базаси оператори бу ҳақда ҳодиса аниқланганидан сўнг 24 соат ичида ваколатли органга хабар бериши, кейинги 72 соат давомида эса ҳодисанинг сабаблари ва кўрилган чоралар ҳақида батафсил маълумот тақдим этиши лозим.
Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлиги бошқа идоралар билан ҳамкорликда рўйхатга кирмаган давлатларга маълумот узатишда қўлланиладиган намунавий шартнома шартлари ҳамда корпоратив маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини тасдиқлайди.
Шу билан бирга, Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистоннинг Европа Кенгашининг шахсий маълумотларга автоматлаштирилган ишлов беришда жисмоний шахсларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилиши ҳамда мамлакатни шунга ўхшаш халқаро рўйхатларга киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Тасдиқланган рўйхатга қуйидаги давлат ва ҳудудлар киритилди:
Австрия, АҚШ, Андорра, Аргентина, Бельгия, Болгария, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Гернси, Гонконг, Греция, Дания, Джерси, Ирландия, Испания, Исландия, Исроил, Италия, Канада, Кипр, Жанубий Корея, Латвия, Литва, Лихтенштейн, Люксембург, Мальта, Мэн ороли, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия, Россия, Руминия, Сингапур, Словакия, Словения, Уругвай, Фарер ороллари, Финляндия, Франция, Хорватия, Чехия, Швейцария, Швеция, Эстония, Янги Зеландия ва Япония.
Қарорга кўра, АҚШга нисбатан мазкур тартиб фақат Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги EU–US Data Privacy Framework дастурида иштирок этувчи компанияларга нисбатан амал қилади.
Изоҳ