Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда президентнинг "Доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.
Қарорга мувофиқ, Ички ишлар органлари ҳузуридаги доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари Вақтинча бошпана ва ижтимоий реабилитация марказлари деб қайта номланади.
Шунингдек, уйсизларни суд қарори асосида ушбу марказларга жойлаштириш амалиёти бекор қилинади. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб улар ижтимоий марказларга фақат ўз розилиги билан қабул қилинади.
Марказларга жойлаштирилган шахслар вақтинчалик турар жой, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситалари билан таъминланади. Шунингдек, уларга индивидуал режалар асосида ижтимоий хизматлар ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилади.
2026 йил 1 октябрдан бошлаб ижтимоий марказларда яшовчи уйсизлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Уларни касбга ўқитиш учун туман (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари махсус ваучерлар тақдим этади.
Ижтимоий марказда бўлган даврда уйсизлар ушбу муассаса манзили бўйича вақтинча рўйхатдан ўтказилади.
Уларни вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ давлат божи "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу чора-тадбирлар ҳақида президент томонидан бир кун аввал маълум қилинган эди.
Изоҳ