Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институти жисмоний шахсларнинг банк омонатлари (депозитлари) бўйича оладиган фоиз даромадларини солиққа тортишни таклиф қилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, банк омонатлари бўйича фоизлар 1998 йилдан буён солиқдан тўлиқ озод қилинган ягона пассив даромад тури ҳисобланади.
Таққослаш учун, Ўзбекистонда бошқа пассив даромад турлари қуйидаги ставкалар бўйича солиққа тортилади:
- дивидендлар — 5 фоиз;
- мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган даромад — 12 фоиз;
- роялти — 12 фоиз;
- капитал ўсишидан олинадиган даромад — 12 фоиз.
Таклифга кўра, Солиқ кодексининг 381-моддасига ўзгартиш киритилиб, банк омонатлари бўйича даромадларга қўлланиладиган солиқ ставкаси дивидендлар учун белгиланган 5 фоизлик ставка билан тенглаштирилади.
Институт экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йил 1 май ҳолатига жисмоний шахсларнинг банк омонатлари ҳажми 170,2 триллион сўмни ташкил этган.
Агар омонатлар бўйича ўртача йиллик фоиз ставкаси 16 фоиз ва солиқ ставкаси 5 фоиз этиб белгиланса, давлат бюджетига қўшимча 1,4 триллион сўм тушиши мумкин.
Солиқ тартибини ўзгартириш зарурлигига мисол сифатида бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси келтирилган. Жумладан, банк омонатлари бўйича фоиз даромадлари Қозоғистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонда 10 фоиз, Таиландда 15 фоиз, Туркияда 15–40 фоиз, Индонезияда 20 фоиз, Германияда эса 26,4 фоиз миқдорида солиққа тортилади.
Изоҳ