«Хавфсиз ва соғлом юрт» ойлиги доирасида ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида қарийб 11 млн долларлик ноқонуний криптоактив айланмаси аниқланди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида туғилган, Тошкентда вақтинча яшаб келган 20 ёшли шахс жиноий йўл билан орттирилган пулларнинг келиб чиқишини, ҳақиқий эгаларини ва молиявий оқимларни яшириш мақсадида уларни криптоактивларга алмаштириб келган.
Унинг вақтинчалик яшаш манзили кўздан кечирилганда ашёвий далил сифатида 24 та мобил телефон, 20 та банк пластик картаси, ноутбук ва Wi-Fi роутер мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Криптоактивлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ