Пойтахтда алоҳида ҳуқуқий режимга эга бўлган янги халқаро молиявий юрисдикция - Тошкент халқаро молия маркази (Tashkent International Financial Centre, TIFC) ташкил этилмоқда.
13 июль куни президент Шавкат Мирзиёев "Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида"ги Конституциявий қонунни имзолади. Қонуннинг мақсади ТМФСнинг махсус ҳудуд сифатидаги мақомини белгилаш ва унда амал қиладиган алоҳида ҳуқуқий режимни белгилаш, шунингдек, молия маркази фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунга кўра, ТМФCнинг ҳар бир ҳужжати кучга киргунга қадар марказ қарорларининг расмий реестрида эълон қилиниши шарт.
Молия марказининг расмий тили инглиз тили бўлади. Зарурат бўлганда ҳужжатларнинг ўзбек тилига ёки бошқа тилларга расмий таржималари тайёрланиши мумкин.
Қуйидагилар молия марказининг органлари ҳисобланади:
- Молия маркази кенгаши;
- Молия маркази маъмурияти;
- Молиявий хизматлар бошқармаси;
- Тошкент халқаро тижорат суди.
Молия марказининг ҳар бир органи молиявий йил тугаганидан кейин тўрт ой ичида шаффофлик тўғрисидаги йиллик ҳисоботни эълон қилиши шарт.
Молиявий хизматлар ва бошқа рухсат этилган фаолият турлари
Қонун билан марказ ҳудудида амалга оширилиши мумкин бўлган молиявий хизматлар ва фаолият турлари рўйхати белгиланди. Улар орасида:
· молиялаштириш бўйича фаолият;
· кредит маҳсулотлари;
· брокерлик фаолияти;
· қимматли қоғозлар билан операциялар;
· пул ўтказмаларини амалга ошириш, тўлов ва валюта айирбошлаш хизматларини кўрсатиш;
· молиявий, инвестиция ва банк маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
· жамоавий молиялаштириш платформалари (краудфандинг) фаолияти ва бошқалар.
Жарималар ва мажбурий таъсир чоралари
Тижорат ёки молиявий фаолиятни қонун талабларини ёхуд TMFC қарорларини бузган ҳолда амалга оширганлик учун марказ иштирокчилари қуйидаги ҳолларда жаримага тортилиши мумкин:
- 10 миллион долларгача;
- қоидабузарликка сабаб бўлган битим, ўзаро боғлиқ битимлар мажмуи ёки фаолият қийматининг 10 фоизигача бўлган суммага.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун қўлланилиши мумкин бўлган санкциялар рўйхати тасдиқланди. Ҳуқуқбузарлик натижасида олинган даромадларни олиб қўйиш, тадбиркорлик фаолиятини чеклаш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш шулар жумласидандир.
Солиқ ва божхона режими
Қонун билан молия маркази органлари, улар томонидан таъсис этилган ёки уларга тўлиқ тегишли бўлган ташкилотлар, шунингдек, уларнинг назорати остидаги ташкилотлар, зарур талабларга риоя этган тақдирда, 2076 йил 1 январга қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамланди.
Шартлар ва талабларга жавоб берадиган молия марказининг малакали иштирокчилари 2076 йил 1 январга қадар молиявий хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлардан фойда солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.
Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун виза режими
Молия марказида фаолият юритиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар кириш визасини қуйидаги ҳолларда олишлари мумкин:
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки бошқа дипломатик муассасаларида;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги халқаро аэропортга етиб келгач.
Молия марказининг жисмоний шахси деб тан олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 5 йилгача муддатга кириш визаларини олишлари мумкин.
Конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач кучга киради.
Изоҳ