Самарқанд вилоятининг Ургут тумани прокурори ўринбосари пора олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатларда гумон қилиниб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Суд қарори билан эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилди.
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Бош прокуратура ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мансабдор шахснинг қонунга зид ҳаракатлари фош этилди.
Тергов маълумотларига кўра, у Пастдарғом тумани прокуратурасида ишлаган вақтида маҳаллий МЧЖнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланиши оқибатида давлатга етказилган 2 млрд 887 млн сўмлик зарар миқдорини 805,9 млн сўмга камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 млн сўм пора олган.
Шунингдек, у мазкур МЧЖ раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150–200 млн сўмгача камайтириш ва судда енгилроқ жазо тайинланишига ёрдам беришини ваъда қилиб, корхона эгасидан яна 15 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.
Мансабдорнинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштирилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ