2026 йил 13 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 671 нафар ҳайдовчи 12 баллдан ортиқ жарима балли тўплаган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълум қилди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бир йил давомида 12 та жарима баллига етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Шунингдек, жарима баллари тизими жорий этилганидан буён 399 269 нафар фуқарога маъмурий огоҳлантириш берилган.
Маъмурий огоҳлантириш транспорт воситасидан фойдаланиш қоидаларини бузиш, автомобилни бошқариш вақтида мобил телефон ёки телевизион кўрсатувларни томоша қилиш учун монитордан фойдаланиш, тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш, мажбурий суғурта тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилмаслик, шунингдек, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилган ҳолатларда қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 май ҳолатига кўра 12 баллдан ортиқ жарима тўплаган ҳайдовчилар сони 49 нафарни ташкил этган бўлса, 19 майга келиб бу кўрсаткич 107 нафарга етган эди.
Жарима баллари тизими 2025 йил февраль ойида тасдиқланган бўлиб, 2026 йил апрель ойидан амалиётга жорий этилган.
Изоҳ