Халқаро Global Citizen Solutions ташкилоти томонидан 199 та давлат қамраб олинган Global Passport Index 2026 рейтинги эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 123-ўринни эгаллади.
Паспортнинг умумий индекси учта асосий кўрсаткич асосида шакллантирилади: мобиллик индекси, инвестициялар индекси ва ҳаёт сифати индекси.
Мобиллик индекси нафақат саёҳат қилиш имкониятларини, балки ҳаёт сифати нуқтаи назаридан мамлакатнинг, айниқса, катта ёшдагилар учун яшашга қанчалик жозибадор эканини ҳам баҳолайди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон 129-ўринни эгаллади.
Инвестициялар индекси мамлакат иқтисодиётининг инвестициялар жалб қилиш ва бизнес юритиш учун жозибадорлигини акс эттиради. Иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлар юқори баҳоланади. Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон яхши натижа кўрсатиб, 89-ўринни эгаллади.
Ҳаёт сифати индекси ҳисобланишида олтита асосий омил инобатга олинади: барқарор ривожланиш, яшаш харажатлари, аҳолининг бахтлилик даражаси, шахсий эркинликлар, экологик вазият ҳамда мамлакатнинг муҳожирлар учун жозибадорлиги. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 119-ўриндан жой олди.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 107-ўрин билан етакчилик қилди. Кейинги ўринларда Қирғизистон (127), Тожикистон (140) ва Туркманистон (144) жойлашди.
Рейтингнинг биринчи учлигига Швеция, Швейцария ва Финляндия кирди. Рўйхатнинг энг охирги ўринларини Афғонистон, Шимолий Корея ва Ватикан эгаллади.
Изоҳ