Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилишича, молиявий пакет таркибига Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) томонидан ажратиладиган 100 млн доллар миқдоридаги имтиёзли молиялаштириш киради. Ушбу маблағлар Ўзбекистонда «Мактаб таълимини иқтисодий ўсишга хизмат қилдириш учун трансформация қилиш» (BILIM) дастурини амалга оширишга йўналтирилади.
Шунингдек, дастур Халқаро таълимни молиялаштириш жамғармаси (IFFEd) томонидан ажратиладиган 5 млн долларлик грант билан ҳам қўллаб-қувватланади. Бу IFFEd ва Жаҳон банки ўртасидаги илк ҳамкорлик лойиҳаси ҳисобланади.
Умумий қиймати 378 млн доллар бўлган BILIM дастури Ўзбекистон ҳукумати (273 млн доллар), Халқаро тараққиёт ассоциацияси (100 млн доллар) ва Халқаро таълимни молиялаштириш жамғармаси (5 млн доллар гранти) маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Лойиҳа Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида амалга оширилади. Мазкур ҳудудларга мамлакатдаги барча мактабларнинг қарийб 45 фоизи тўғри келади. Шу билан бирга, айнан ушбу ҳудудларда таълим сифати ва мактаб инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар долзарб ҳисобланади.
2030 йилга қадар дастур доирасида:
— бошланғич синф ўқитувчилари, мактаб директорлари ва таълим тизими маъмурларидан иборат 50 минг нафар мутахассиснинг касбий ва бошқарув салоҳияти оширилади;
— янги мактаблар қуриш ва мавжудларини кенгайтириш орқали бошланғич таълим учун 27 мингта янги ўқув ўрни яратилади;
— таълим соҳасига оид маълумотларни йиғиш ва улардан самарали фойдаланиш тизими такомиллаштирилиб, ресурсларни янада самарали тақсимлаш ҳамда мактаблар фаолиятини режалаштириш имкониятлари кенгайтирилади.
Жаҳон банки маълумотига кўра, мазкур чора-тадбирлар 1–4-синфларда таҳсил олаётган қарийб 2 миллион нафар ўқувчига, жумладан, уларнинг ярмини ташкил этувчи қизларга ижобий таъсир кўрсатади. Натижада ўқувчиларнинг таълим натижалари яхшиланиб, келгусида меҳнат бозоридаги имкониятлари ҳам кенгаяди.
Изоҳ