Тошкентда метронинг икки янги йўналиши — «Технопарк – Янги Тошкент» ва «Пушкин – ТТЗ» линиялари қурилиши тезлаштирилади. Бу ҳақда қурилишни тезлаштирилган схема бўйича амалга ошириш ва Янги Тошкентга олиб борувчи линияни 2028 йил сентябрь ойигача якунлашни кўзда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, «Пушкин – ТТЗ» линияси 11 километр узунликда бўлиб, 10 та бекат ва деподан иборат бўлади. «Технопарк – Янги Тошкент» линияси эса 21 километрни ташкил этиб, 9 та бекат ва хизмат кўрсатувчи депога эга бўлади.
Иккала лойиҳа бўйича ҳам буюртмачи сифатида Янги Тошкент шаҳри қурилиши дирекцияси белгиланган. Қурилиш-монтаж ишлари fast-track тамойили асосида, яъни лойиҳалаш ва қурилиш бир вақтда олиб борилиб, муддатлар қисқартирилади.
Ҳужжатда ишлар Европа шаҳарсозлик нормалари ва стандартларига мувофиқ амалга оширилиши қайд этилган. «Технопарк – Янги Тошкент» линияси бўйича биринчи босқич 2026 йилда, тўлиқ фойдаланишга топшириш эса 2028 йил 1 сентябргача режалаштирилган.
Ер ва мулк инвентаризацияси ўтказилади
Лойиҳани амалга ошириш доирасида Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари, Кадастр агентлиги ҳамда бошқа идораларга қурилиш ҳудудидаги ер участкалари, бинолар, иншоотлар, қишлоқ хўжалиги экинлари ва рўйхатдан ўтган мулкдорларни тўлиқ инвентаризация қилиш топширилган.
Шунингдек, лойиҳа таъсир доирасига тушиши мумкин бўлган кўчмас мулк эгаларига етказилиши мумкин бўлган зарарни қоплаш режаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади.
Бундан ташқари, қурилиш учун зарур ер майдонлари белгиланиб, заруратга кўра айрим қишлоқ хўжалиги ерлари бошқа тоифага ўтказилиши мумкин.
Транспорт ҳаракати ўзгаради
Қурилиш даврида Транспорт вазирлигига айланма йўналишларни ташкил этиш ва жамоат транспорти ишини узлуксиз таъминлаш вазифаси юклатилган.
«Пушкин – ТТЗ» линияси лойиҳаси доирасида Тошкент трактор заводи автобус бекати ҳудудидаги маъмурий бино Янги Тошкент қурилиши дирекциясига берилган.
Айрим йўллар ёпилиши сабабли баъзи автобус маршрутлари бошқа йўналишларга ўтказилади. Қадрдон ва Гулсанам кўчалари кесишмасида янги автобус бекати ташкил этилиши, шунингдек Кибрай автобус бекати каби транспорт узеллари ҳам жалб қилиниши режалаштирилган.
Метро билан боғлиқликни яхшилаш учун брутто-шартномалар тизими асосида ишлайдиган янги автобус йўналиши ҳам йўлга қўйилади.
Инженерлик тармоқлари кўчирилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда энергетика, газ, сув таъминоти ва телекоммуникация ташкилотларига қурилиш ҳудудига тўғри келадиган муҳандислик тармоқларини инвентаризация қилиш топширилган.
Текширув натижасига кўра, ушбу коммуникацияларни кўчириш чоралари кўрилади. Бу харажатлар тармоқ эгалари ҳамда 2027 йил давлат бюджети ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.
Изоҳ