Маълум қилинишича, 2026 йилда республика олий таълим муассасаларини 320 минг нафар талаба тамомлайди.
Тақдимотда 2026 йилда 500 млрд сўм маблағ йўналтириб, 8 мингдан ортиқ лойиҳани молиялаштириш ҳамда қарийб 10 минг нафар йигит-қизнинг бандлигини таъминлаш режалари маълум қилинди.
Шунингдек, талабаларни ишга жойлаштириш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш мақсадида барча ОТМларда карьера марказлари фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш ва уларнинг натижадорлигига қараб рағбатлантириш таклиф этилди.
Карьера марказлари фаолияти «Битирувчи сифати индекси» асосида баҳоланади. Энг юқори натижа кўрсатган 20 та ОТМнинг карьера марказига 500 млн сўмдан маблағ ажратилади.
Жорий йилда ОТМлар миқёсида 360 та, факультетлар кесимида эса 750 та бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказиш, шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича мингдан ортиқ иш берувчи иштирокида семинар ва учрашувлар ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, талабаларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва бизнес юритиш имкониятлари билан таништириш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб барча ОТМларда «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади.
Шу билан бирга, талабалар стартапларини қўллаб-қувватлаш, уларни университетлар ҳузурида ташкил этиладиган spin-off корхоналар фаолиятига жалб қилиш, кафедралар филиалларини ишлаб чиқариш корхоналарида очиш ҳамда битирув малакавий ишларини иш берувчи корхоналар ҳудудида ҳимоя қилиш амалиётини кенгайтириш чоралари белгиланди.
Тақдимотда аниқ буюртма ва мослашувчан дастурлар асосида мутахассис тайёрлашга қаратилган мақсадли дуал таълим шаклини жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Бунда дастурга қабул қилиш ва контракт қийматини белгилаш иш берувчи ҳамда ОТМ ўртасидаги келишув асосида амалга оширилади. Буюртмачи эса битирувчини ўқишни тугатгач иш билан таъминлашни кафолатлайди.
Изоҳ