Шавкат Мирзиёев "Қурилиш соҳасида натижадор бошқарувни жорий этиш ва соҳада давлат хизматларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.
Ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентга ўзгартиришлар киритилди. Жисмоний ва юридик шахслар учун импорт қилинадиган автомобилларга мувофиқлик сертификатини беришни йилига бир дона билан чеклайдиган норма бекор қилинди.
Шундай қилиб, Ўзбекистонга автомобиль олиб киришда энди "йилига битта автомобиль" қоидаси амал қилмайди.
Бундан ташқари, фармонда қурилиш соҳасини қўллаб-қувватлаш чоралари назарда тутилган. 2029 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва қурилиш ишларини бажаришда фойдаланиладиган махсус қурилиш машиналари, шунингдек, лаборатория ва асбоб-ускуналар импорти божхона божи тўлашдан озод этилади.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда ушбу имтиёз татбиқ этиладиган махсус техника ва ускуналар рўйхатини тасдиқлаши лозим.
Изоҳ