• БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 10:26

Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт намояндалари қандай қўллаб-қувватланади — президент фармони

Ипотека бўйича бошланғич тўловнинг бир қисмини қоплаш, уй-жой ижараси учун компенсация, солиқ имтиёзлари, грантлар ва танлов ғолибларига тўловлар шулар жумласидандир.

69
0
Иллюстрация

Ўзбекистонда маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳа мутахассисларини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади президентнинг тегишли фармонида.

Молиявий имтиёзлар

2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январга қадар асосий фаолияти концерт томошалари, кинематография, болалар учун контент яратишдан иборат бўлган субъектлар, нодавлат театрлар ва театр-студиялар, шунингдек, маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда фаолият юритаётган ходимлар эса жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.

Хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулотларини яратиш билан боғлиқ фаолият натижасида олинган даромадлари ЎзР норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солишда солиқ базасига киритилмайди.

Халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириш

· Гран-при ва 1-ўрин соҳиби халқаро танлов бўйича 300 млн сўм, республика танлови бўйича 100 млн сўм;

2-ўрин соҳиби - халқаро танлов бўйича 200 миллион сўм, республика танлови бўйича 50 миллион сўм;

3-ўрин соҳиби - халқаро танлов бўйича 100 миллион сўм, республика танлови бўйича 25 миллион сўм;

Танлов ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчилар (концертмейстерлар) нинг иш ҳақига йил давомида 100 фоизгача устама тўланади.

Уй-жой билан боғлиқ ёрдам

1 июлдан бошлаб ҳар йили уй-жойга муҳтож 1 000 нафар маданият, санъат ва ижод вакилларига бирламчи бозордан квартира сотиб олиш учун ипотека кредитлари қуйидаги тартибда ажратилади, бунда:

· шакллантириладиган бошланғич тўловнинг 50 фоизи ва кредит муддатининг дастлабки 5 йили давомида тўланадиган кредит фоизларининг 10 фоиз пунктидан ошган қисми Давлат бюджетидан қопланади;

Бошланғич тўловнинг 50 фоизини қоплаш Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг "субсидия.идм.уз" дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади.

Бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга бориб ишлаётган ва ушбу ҳудудда ўз уй-жойига эга бўлмаган маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларига уй-жой ижараси тўловларининг бир қисми қоплаб берилади: Тошкент шаҳрида - 6 БҲМ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - 4 БҲМ.

Даволаниш учун имтиёзлар

1 июлдан даволаниш учун имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган ҳар йили 1 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакилларининг юқори технологик операциялар ўтказиш харажатлари қоплаб берилади.

Ҳар йили соҳада камида 10 йил иш стажига эга бўлган 100 нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳаси вакиллари Касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволанишлари мумкин бўлади.

Молиявий ёрдам

1 сентябрдан бошлаб рақс жамоаларининг бадиий раҳбари, балетмейстери, репетиторлари ва балет артистларининг лавозим маошларини белгилашда тариф коэффициентлари миқдори 2 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

1 сентябрдан ҳудудларда инклюзив ижодий устахоналар ташкил этилиб, уларга ҳар йили 30 миллиард сўм ажратилади.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларига тенглаштирилади.

Маданият ва санъат йўналишидаги 10 та олий таълим муассасасига ёш ижодкорларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 5 млрд сўмдан ажратилади.

Ижодкорлар миллий қурултойи

2027 йилдан бошлаб йил давомида энг яхши натижаларни кўрсатган ижодий уюшмалар ходимлари рағбатлантирилади:

· бир йил давомида уларга ҳар ойда 5 млн сўм миқдорида гонорар тўланади;

· уч йил давомида улар Ўзбекистон бўйлаб ҳаво, темир йўл ва жамоат транспортидан бепул фойдаланадилар, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмаган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади;

Давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

"Ижодга инвестиция" давлат мақсадли жамғармаси

Маданият вазирлиги ҳузурида истеъдодларни аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг продюсерлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бизнес лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида жамғарма ташкил этилади. Уларга ҳар йили камида 200 миллиард сўм ажратилади.

Театр, чолғу асбоблари, хор ва рақс йўналишлари бўйича ҳар йилги танловлар

Танловда ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига ўз ижодини тарғиб қилиш, саҳна безаклари ва либослари, мусиқа асбоблари харид қилиш учун 500 млн сўмдан грант ажратилади.

Республика танлови ғолиблари давлат таълим ташкилотларига маданият ва санъат йўналиши бўйича ўқишга киришда ижодий имтиҳондан озод этилади ва уларга максимал балл берилади.

69
0

Изоҳ