Экология вазирлиги матбуот хизмати маълум қилишича, Термиз шаҳрида дарахтларни кесиш билан боғлиқ жиноят иши вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилган.
Тергов материалларига кўра, Термиз шаҳар қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи ҳамда «M.T.T» МЧЖ раҳбари шаҳарнинг «Дўстлик» маҳалласидаги қурилиш ҳудудида дарахтларни кўчириш мақсадида ўзаро тил бириктирган.
Томонлар ўртасида дастлаб 20 млн сўмлик шартнома расмийлаштирилган. Бироқ вилоят Экология бошқармаси ва Миллий гвардия ходимлари дарахтларни хатловдан ўтказгач, қимматбаҳо дарахтларни кўчириш ва кесиш бўйича мурожаат рад этилган.
Шунга қарамай, қурилиш ҳудудида 61 туп элдор қарағайи, 36 туп виргин арчаси, 101 туп шарқ биотаси, 16 туп чинор ва 4 туп тут дарахти — жами 217 та дарахт ноқонуний равишда кесиб ташланган. Натижада табиатга 2 млрд 69 млн 437 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Судда собиқ қурилиш бўлими раҳбари айбсиз эканини айтиб, фақат қурилиш ташкилотига «ёрдам берганини» билдирган.
Суд қарорига кўра, у Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисмида (экинзорлар, ўрмонлар, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларга шикаст етказиш ёки йўқ қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган.
Унга 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиниши белгиланган. Дастлабки қамоқ муддати инобатга олиниб, якуний жазо 1 йил 5 ой 15 кун этиб белгиланган.
Изоҳ