Марказий банк маълумотларига кўра, январь–апрель ойлари якунида сўм курси бир доллар учун 12 004 сўмдан 11 938 сўмгача мустаҳкамланган.
Қайд этилишича, валюта курси мазкур даврда 11 938 — 12 320 сўм оралиғида ўзгариб турган. Ўртача волатиллик 28,5 сўм ёки 0,23 фоизни ташкил этган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 13,6 сўм ёки 0,11 фоиз бўлган.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига бўлган умумий талаби 20,4 млрд долларга етган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,3 фоизга кўпдир. Шундан қарийб 16 млрд доллари юридик шахслар, 4,4 млрд доллари эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.
Шу билан бирга, юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютаси таклифи ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,9 фоизга ёки қарийб 4,6 млрд долларга ошиб, 18 млрд долларга етган.
2026 йил январь–апрель ойларида аҳоли тижорат банкларига 8,2 млрд доллар сотган бўлса, юридик шахслар томонидан сотилган валюта ҳажми 9,8 млрд долларни ташкил этган.
Изоҳ